UEFA Клублар ўртасидаги ЖЧни бойкот қилиши мумкин
Sport
−
04 August 497 1 minute
UEFA клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс маълум қилди.
Хабарга кўра, бу масала FIFA президенти Жанни Инфантино атрофидаги можаро билан боғлиқ. Аввалроқ, FIFA турнирларнинг тижорий ҳуқуқларини хусусий компанияга сотишни режалаштиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ футбол конфедерациялари босими ва UEFA’га аъзо мамлакатлар томонидан Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш таҳдидидан сўнг Инфантино ушбу ташаббусдан воз кечди.
Манбага кўра, UEFA президенти Александер Чеферин ҳамда Европа клублари ассоциацияси (ECA) президенти Носир Ал-Хелайфи яқин кунларда ушбу вазиятни муҳокама қилади. Учрашув жорий йилнинг 12 август куни UEFA Суперкубоги доирасида бўлиб ўтадиган “ПСЖ” – “Астон Вилла” ўйини арафасида ўтказилиши режалаштирилган. Носир Ал-Хелайфи айни пайтда ПСЖ клуби президенти ҳам ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Александер Чеферин Жанни Инфантино FIFA президенти лавозимида қолган тақдирда, ECA ва унга аъзо клублар 2029 йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этмаслиги тарафдори. Бироқ бундай қарор кучга кириши учун Европа клублари ассоциацияси таркибидаги 850 дан ортиқ аъзо клубнинг розилиги талаб этилади.