Трамп хорижлик трак ҳайдовчиларини фахрийлар билан алмаштирмоқчи
World
−
17 July 3189 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп иммигрант юк машинаси ҳайдовчиларига нисбатан чораларни кучайтириш ва уларнинг ўрнини ҳарбий фахрийлар билан тўлдирмоқчи. Бу ҳақда “GV Wire” хабар берди.
Трампнинг айтишича, унинг маъмурияти қонуний мақоми бўлмаган юк машинаси ҳайдовчиларига қарши чоралар кўрмоқда. У бундай ҳайдовчилар ўрнига АҚШ фахрийларини жалб қилишни таклиф қилган.
“Биз фахрийларимизни олиб келамиз, уларга юк машиналарини бошқариш бўйича кўплаб кўникмаларни ўргатамиз”, деган Трамп.
Шунингдек, у ҳарбий хизмат даврида оғир юк машиналарини бошқарган америкаликлар автоматик равишда тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаси (CDL) олиш имкониятига эга бўлиши кераклигини айтган. Бироқ Президент бу ташаббуснинг аниқ тафсилотларини очиқламаган.
Трамп айрим хорижлик ҳайдовчилар йўл белгиларини ўқий олмаслиги ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини таъкидлаган. Бироқ бундай ҳайдовчилар иштирокидаги автоҳалокатлар сони бўйича кенг қамровли тадқиқотлар мавжуд эмаслиги қайд этилган.
АҚШ Транспорт департаменти аввалроқ тижорат ҳайдовчилари учун инглиз тилини билиш талаби ва хорижий фуқароларнинг CDL олиш жараёнларини қайта кўриб чиқишга қаратилган чораларни илгари сурган эди.
Маълумотларга кўра, АҚШда сўнгги йилларда йирик юк машиналари иштирокидаги ҳалокатли автоҳалокатлар камайган. Шу билан бирга, юк ташиш соҳаси ҳайдовчилар етишмовчилиги билан юзлашмоқда.
Таъкидланишича, иммигрантлар ушбу соҳада муҳим ишчи кучларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг CDL олиш имкониятларини чеклаш бўйича аввалги ташаббуслар ҳам танқид ва ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлган.
Ҳозирча Трамп маъмурияти мазкур режани қандай амалга ошириши бўйича батафсил маълумот бермаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июль куни АҚШнинг Огайо штатида юз берган автоҳалокатда ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси Беҳзод Асроров айбланаётган эди. У суд мажлисида таржимон орқали мулоқот қилган, бироқ 2024 йилнинг кузида Огайо штатида тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаси (CDL) олган. Мазкур ҳолат ҳайдовчиларнинг инглиз тилини билиши ва CDL талаблари бўйича муҳокамаларни кучайтирган.
Live
All