Тошкентда қарийб 11 млн долларлик крипто-активларни айлантирган шахс ушланди
Crime
−
14 July 4105 1 minute
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қарийб 11 миллион долларлик крипто-активларнинг ноқонуний айланишини амалга оширган шахс ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2004 йилда Самарқанд вилоятида туғилган фуқаро жиноий фаолиятдан олинган маблағларни крипто-активларга айирбошлаш орқали уларнинг келиб чиқиш манбаси, ҳақиқий эгалари ва молиявий ҳаракат йўналишларини яшириш билан шуғулланиб келган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, у 10 миллион 976 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активларнинг ноқонуний айланишини амалга оширган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчининг Тошкент шаҳридаги вақтинча яшаш хонадонлари кўздан кечирилган. Натижада бир дона ноутбук, Wi-Fi роутер, 24 та мобил телефон ҳамда 20 та банк пластик картаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида ноқонуний криптоактив айирбошлаш билан шуғулланиб келган хорижлик талаба қўлга олинганди.
Live
All