Тошкентда ҳаво сифати “жуда ноқулай” даражага етди
Interesting
−
11:27 3322 2 minutes
Тошкент шаҳрида кеча, 27 октябрдан бугун, 28 октябрга ўтар кечаси ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “ноқулай” даражада бўлди. Айрим кузатув нуқталарида эса “жуда ноқулай” кўрсаткичлар қайд этилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Миллий ҳаво сифати индекси бўйича PM2.5 заррачалари миқдори “сариқ”, PM10 заррачалари миқдори эса “зарғалдоқ” даражага тўғри келган.
Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ҳамда маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ҳаво массаларининг Тошкент атрофида тўпланиши сабаб бўлган. Бу шароитлар ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига олиб келган.
28 октябрга ўтар кечаси Экологик мониторинг миллий маркази мутахассислари Юнусобод, Олмазор, Янгиҳаёт, Сергели ва Яшнобод туманларида атмосфера ҳавосини текширган. Ўлчовлар натижасида барча нуқталарда PM2.5 миқдори “жуда ноқулай” тоифага мос келгани аниқланган.
Прогнозларга кўра, бугун, 28 октябрь куни кундузи Тошкентда ҳаво сифати халқаро AQI бўйича “ноқулай” даражада бўлиши кутилмоқда. Миллий индекс бўйича эса кўрсаткич асосан “сариқ”, айрим вақтларда “зарғалдоқ” даражага етиши мумкин. Кечқурун ҳам ҳаво сифати “ноқулай” даражада сақланиши эҳтимоли бор.
Шу муносабат билан болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинганларга кечқурун ва тунда имкон қадар ташқарига чиқмаслик тавсия этилган. Ташқарига чиқишга тўғри келса, ҳимоя ниқобидан фойдаланиш, очиқ ҳавода узоқ қолмаслик ҳамда кечқурун ва тунда деразаларни ёпиқ тутиш лозимлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент кўчаларида чанг миқдорини камайтириш ва ҳаво намлигини ошириш мақсадида қарийб 100 та махсус техника ёрдамида сув сепилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October