Тошкент ва Бухорода “таблетка” савдогарлари ушланди

Local

−

image

Тошкент ва Бухорода кучли таъсир қилувчи моддаларни ўз ичига олган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида 47 ёшли фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, ертўлада қонунга хилоф равишда сақланаётган 84 та конвалютадаги жами 1176 дона “Регапен” дори воситаси аниқланган.

Божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясида ўтказилган суд-кимёвий экспертиза натижасида ушбу дорилар таркибида жами 352,5 грамм прегабалин кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги тасдиқланган. Амалдаги тартибга кўра, прегабалин моддасининг 10 граммдан ортиқ миқдори кўп миқдор ҳисобланиб, жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам тезкор тадбир ўтказилган. Унда таркибида габапентин моддаси бўлган 204 дона “Габатен” дорисини 1600 АҚШ долларига сотишга уринган шахс қўлга олинган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондан Ўзбекистонга келган 41 ёшли шахснинг юк машинасидан 48,5 кг наркотик топилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends