Тошкент осмонида кўринган ёрқин объект Хитой ракетаси бўлиши мумкин (видео)

Local

image

Кеча, 19 сентябрь куни кечки пайт Тошкент шаҳри осмонида жуда ёрқин, ортидан узун из қолдириб ҳаракатланган объект кузатилди. Ҳолат акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Ўзбекистон Фанлар академияси расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Астрономия институти мутахассислари тарқалган фото ва видеоматериалларни таҳлил қилган. Объектнинг ташқи кўриниши, ҳаракат хусусияти ва ҳосил қилган изида метеор ёки болидга хос белгилар мавжуд эмаслиги аниқланган. Мутахассисларга кўра, кузатилган манзара кўпроқ ракета ёки унинг юқори босқичи билан боғлиқ ҳодисага ўхшайди.

“Ҳозирча энг катта мослик 19 сентябрь куни Хитойда амалга оширилган космик кема учирилишига тўғри келмоқда. 19 сентябрь куни Хитойнинг Тайюань космодромидан Long March-2D (Chang Zheng-2D) ташувчи ракетаси учирилди. Ракета PIESAT-2 туркумидаги тўртта сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиқди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, дастлабки орбитал ҳисоб-китоблар учириш вақти, ракетанинг орбитаси ҳамда Тошкент осмонида ҳодиса кузатилган вақт ва йўналиш ўртасида жуда яхши мослик мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳозирги босқичда энг эҳтимолли тушунтириш – Тошкент осмонида кузатилган ҳодиса ушбу космик учиришнинг ракета босқичи ёки ундан кейинги орбитал жараёнлардан бири билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бироқ ҳозирча кузатилган объектни айнан Long March-2D ракетасининг муайян қисми деб қатъий идентификация қилишга ҳали эрта. Янги учирилган объектлар бўйича халқаро орбитал каталогларда зарур элементлар ва ҳодисага оид мустақил идентификация ҳали мавжуд эмас.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, Тошкент осмонида кузатилган ёрқин ҳодиса метеор ёки болидга хос эмас.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends