Тошкент метросидаги электрон пандуслар нега ишламаяпти?
Local
−
16:39 807 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени бекатларининг кириш-чиқиш қисмларида ўрнатилаётган электрон кўтаргич қурилмалари (пандуслар) фаолиятидаги айрим камчиликлар ҳамда улардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган ноқулайликлар ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан “Тошкент метрополитени” АЖ муносабат билдирди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда метро хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда. Шу сабабли, хусусан, ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар ва кекса ёшдаги фуқаролар учун қулай ҳамда хавфсиз шароит яратиш мақсадида бекатларнинг кириш-чиқиш қисмларига электрон кўтаргич пандуслари ўрнатилмоқда. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш-монтаж ишларини эса “Технопарк” МЧЖ олиб бормоқда.
Метрополитен маълумотига кўра, ҳозирда электрон пандусларни ўрнатиш, созлаш ва синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда. Шу боис қурилмалардан фойдаланишда айрим ноқулайликлар юзага келмоқда. Қурилмаларнинг айримлари ҳали тўлиқ ишга туширилмагани қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари якунланмагани билан изоҳланган.
Хабар қилинишича, метрополитен масъул ташкилотларга ишларни жадаллаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қурилмаларни фойдаланишга тайёр ҳолатга келтириш юзасидан бир неча бор мурожаат қилган.
Шунингдек, электрон кўтаргич пандуслари ҳозиргача “Тошкент метрополитени” АЖ балансига қабул қилинмаган. Барча қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, зарур синовлардан ўтказилгач ҳамда техник талабларга мувофиқлиги тасдиқланиб, белгиланган қабул қилиш тартиб-таомиллари бажарилганидан сўнг қурилмалар метрополитен тасарруфига ўтказилиши режалаштирилган.
Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва қурилмалардан тўғри фойдаланиш учун ҳар бир электрон пандус ёнига фойдаланиш тартиби бўйича йўриқномалар ва тегишли маълумотлар жойлаштирилмоқда. Метрополитен йўловчилар, жумладан, ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар учун қулай ва хавфсиз инфратузилма яратиш ишларини давом эттиришини билдирган.
Live
All