“Толибон” Афғонистонда ҳар қандай намойишларни тақиқлади

World

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати мамлакат ҳудудида ҳар қандай намойишлар ўтказилишини расман тақиқлади. Тегишли норма полиция тўғрисидаги янги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужжат жорий йилнинг 22 август куни муваққат ҳукуматнинг адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган. Уни ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзода имзолаган.

Қонуннинг 50-моддасида шундай дейилади: “Афғонистон ҳудудида ҳар қандай намойиш ўтказиш тақиқланади”. Истиснолар ёки акцияларни ўтказиш учун рухсатнома олиш тартиби назарда тутилмаган.

Ҳужжат, шунингдек, полиция ваколатларини кенгайтиради. Куч ишлатар тузилмаларга қуролли тўқнашувларда қурол қўллаш, гумонланувчиларни пушаймон бўлишга мажбурлаш ва оғир жиноятларда айбланаётганларга ўлим билан таҳдид қилишга рухсат берилган. Гумонланувчини ҳибсда ушлаб туришнинг максимал муддати уч кундан ўн кунгача оширилган.

Бундан ташқари, жазоларнинг ижро этилишини суратга ва видеога олиш тақиқланади. Шу билан бирга, қонун шариат судининг қарорисиз қўлга олинганларни қийноққа солиш ва уларга тан жароҳати етказишни расман тақиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумати 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан бери тахминан 2,4 миллион нафар афғон қизини ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends