“The Times” нашри FIFA ва Инфантинодан узр сўради
Sport
−
19:40 343 2 minutes
Буюк Британиянинг “The Times” газетаси жорий йилнинг 13 октябрь куни FIFA президенти Жанни Инфантинонинг “иккинчи маоши” ҳақида чоп этилган мақоласи учун ташкилотдан узр сўради ва ундаги маълумотларни рад этди. Бу ҳақда газета баёнотидан иқтибос келтириб, FIFA матбуот хизмати хабар берди.
Солиқ декларациясига асосланган мақолада Инфантино 2024 йилда FIFA’дан ташқари, 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ташкил этиш учун масъул бўлган ташкилотидан ҳам 1,76 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳақ олгани айтилган эди. Бироқ “The Times” ўз баёнотида бу маълумот нотўғри эканини тан олди.
“Бу нотўғри. Иккинчи маош бўлмаган. Швейцариядаги ҳисобот талабларига кўра, FIFA қоидалари Инфантинонинг йиллик ҳисоботида олган харажат қопламалари ва компенсацияларини кўрсатишни талаб қилмайди, чунки улар ушбу талаблар бўйича компенсация ҳисобланмайди”, дейилади газета баёнотида.
Нашр, шунингдек, Инфантино Майамидаги кўчмас мулкни аввал хабар қилинганидек, қийматидан анча арзон нархда сотиб олмаганини тан олди. Газета Инфантино ҳамда унинг оила аъзолари “Shadi LLC” компаниясининг қонуний ёки ҳақиқий эгалари эмаслиги, шунингдек, компанияни назорат қилмаслигини ҳам қайд этди.
“Биз жаноб Инфантино ва FIFA’дан йўл қўйилган хатолар учун узр сўраймиз”, дейилади баёнотда.
“Иккинчи маош” ҳақида хабар берган ягона нашр “The Times” эмас эди. ESPN ҳам АҚШдаги нотижорат ташкилотлар ҳар йили тақдим этиши шарт бўлган IRS 990 солиқ ҳисоботига таяниб, Инфантино 2024 йилда FWC2026 ташкилотидан 1,72 миллион доллар олгани ҳақида мақола эълон қилган.
FIFA август ойида федерация ва унинг президенти обрўсига путур етказишга қаратилган “мувофиқлаштирилган ва давом этаётган уринишлар” ҳақида хабар берганини эслатди.
“FIFA оммавий ахборот воситаларини масъулият билан иш тутишга, нотўғри ва туҳматомуз маълумотлар эълон қилиниши ҳамда тарқатилишининг олдини олиш учун барча манбаларни синчковлик билан текширишга чақиради. Агар хабарлар нотўғри, чалғитувчи ёки мутлақо ёлғон бўлса, FIFA уларга қатъий муносабат билдиришда давом этади”, дейилади ташкилот баёнотида.
Инфантино 2026 йил ёзида ҳам турли танқидлар ва коррупцияга оид айбловлар марказида бўлди. Жумладан, бир нечта Европа футбол федерациялари FIFA президенти сайловида уни қўллаб-қувватламасликларини билдирган. Бу ҳолатга 2026 йилги Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига оид қарорлар ҳамда FIFA’нинг мусобақага бўлган айрим тижорат ҳуқуқларини ташқи инвесторларга сотиш режалари атрофидаги баҳслар сабаб бўлгани айтилган. Танқидлардан сўнг ташкилот ушбу режадан воз кечишга мажбур бўлган.
Live
All