“Тенерифе” вафот этган футболчининг қизини молиявий қўллаб-қувватлайди
Sport
−
11:46 562 2 minutes
Испаниянинг “Тенерифе” клуби майдонида вафот этган ҳужумчи Хесус де Мигелнинг қизини 18 ёшга тўлгунига қадар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Бу ҳақда клуб бош директори Антонио Мануэль Порро Гранадос маълум қилди.
Ушбу фожиа жорий йилнинг 2 ноябрь куни Испания Сегундаси 12-туридан ўрин олган “Андорра”га қарши учрашувда (2:2) содир бўлган.
“Бизнинг мақсадимиз қизалоқнинг ёнида бўлиш ва бутун “Тенерифе” оиласи уни қўллаб-қувватлашини таъминлашдир. У вояга етгунига қадар унинг ёнида бўлишни истаймиз. Бу мажбуриятни асосий акциядоримиз Райко Гарсия ташаббуси билан зиммамизга олдик ва барчамиз уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бу “Тенерифе” клуби оиласининг Карла ва унинг келажаги олдидаги масъулиятидир.
Қонуний мажбуриятларимиздан ташқари, барча йўналишларда максимал даражада ёрдам кўрсатамиз. Шунингдек, молиявий кўмакни оширишнинг бошқа йўлларини ҳам изламоқдамиз. Ҳеч бўлмаганда, бу оғир вазият оиланинг моддий аҳволига ортиқча таъсир қилмаслигини истаймиз”, деди Гранадос “The Athletic” нашрига.
Клуб раҳбари бошқа жамоаларнинг ҳам оилага ёрдам бериш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади. Жумладан, “Бургос” клуби “Тенерифе”га қарши ўйин чипталари савдосидан тушган маблағнинг барчасини марҳум футболчининг оиласига, хусусан, қизи ва меросхўрларига йўналтириш ниятида эканини билдирган. Шунингдек, “Манчестер Юнайтед” ҳам клубга ҳамдардлик билдирган. Нашр маълумотига кўра, футболчининг оиласи асосий компенсация сифатида 360 минг евро олади.
Бундан ташқари, 2020-2021 йилги мавсумда “Тенерифе”да ижара асосида тўп тепган “Эркулес” ҳужумчиси Фран Соль ҳам оилага ёрдам бериш учун алоҳида маблағ йиғиш кампаниясини бошлаган. Ушбу хайрия ташаббусига Испания терма жамоаси футболчилари Альваро Мората ва Алекс Баена, шунингдек, кўплаб мухлислар ҳам ҳисса қўшган. Ҳозирга қадар 100 минг евродан ортиқ маблағ тўпланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 фоиз акциялари Криштиану Роналдуга тегишли бўлган Испаниянинг “Алмерия” клуби ҳужумчи Хесус де Мигелнинг фожиали ўлимидан сўнг “Тенерифе”га қарши учрашувдан тушадиган барча маблағни футболчининг оиласига хайрия қилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
AllOzon teshigi rekord darajada kengaydi
06 November