Татаристондаги фожиада ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари ватанга олиб келинди
Crime
−
11:39 3059 2 minutes
Татаристондаги дронлар ҳужуми оқибатида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Аввал хабар қилинганидек, 2026 йил 10 август куни Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидаги Нижнекамск шаҳрида жойлашган қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) орқали ҳужум содир бўлганди.
Ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳридаги қурилиш корхонасида ишлаган 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна бир қатор Ўзбекистон фуқаролари эса турли даражада тан жароҳатлари билан шифохоналарга жойлаштирилган.
Вазирликнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ ташкил этилган Ҳукумат комиссияси доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.
Жумладан, Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботир Асадов ҳамда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Нодир Қосимов зудлик билан воқеа жойига бориб, маҳаллий масъул идоралар билан учрашувлар ўтказган.
.jpg)
Натижада, 12 август куни махсус авиарейс орқали ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинган.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мазкур ҳолат билан боғлиқ барча масалалар, жумладан, жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари Россия томони билан ҳамкорликда назоратга олингани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Нижнекамск шаҳрига дронлар ҳужуми оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ҳалок бўлиши муносабати билан Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга ҳамдардлик телеграммасини йўллаганди.
Live
All