Таиланд қироличаси қирувчи самолётни мустақил бошқарди (видео)
World
−
22:09 1128 2 minutes
Таиланд қироличаси Сутхида Швециянинг бир ўринли JAS 39 C Gripen кўп мақсадли қирувчи самолётида ўзининг илк мустақил парвозини амалга оширди. Бу ҳақда “Bangkok Post” газетаси хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Сураттхани вилоятидаги Ҳарбий-ҳаво кучлари базасида парвоз олдидан бўлажак парвоз режаси бўйича брифинг бўлиб ўтган ва унда Таиланд қироли Маха Вачиралонгкорн (Рама X) иштирок этган. Самолётни тўхташ жойида биргаликда кўздан кечиргач, қиролича жанговар машинани учиш-қўниш йўлагига олиб чиққан. Муваффақиятли қўнишдан сўнг монарх рафиқасини шахсан кутиб олиб, унга гулдаста топширган.
Нашрнинг ёзишича, Таиланд қироличаси катта учувчилик тажрибасига эга. У ўзининг биринчи учувчилик лицензиясини 2010 йил 13 майда Бангкокдаги авиабазада Cessna T-41D самолётини ўзлаштирганидан сўнг олган. Ўтган йиллар давомида унинг турли турдаги ҳаво кемаларидаги умумий парвоз вақти 1188 соатга етган. Улар орасида енгил моторли ва ўқув-машғулот самолётлари, шунингдек, у ҳавода умумий ҳисобда 480 соатдан ортиқ вақт ўтказган Boeing 737-400 ва Boeing 737-800 йўловчи лайнерлари бор. Жанговар қирувчи самолётда мустақил учишга у Saab JAS 39D Gripen икки ўринли ўқув-жанговар модификациясида ҳозирлик кўрган ва унда 10 соатдан сал кўпроқ учиш вақтини тўплаган.
Қиролича қироллик вазифаларини бажариш доирасида ички ва халқаро рейслар вақтида қиролга ҳамроҳлик қилиб, иккинчи пилот вазифаларини мунтазам равишда бажариб келади. Хусусан, 2025 йилнинг апрель ойида монарх жуфтлиги тоғли рельеф хусусиятлари туфайли дунёдаги энг мураккаб ҳаво бандаргоҳларидан бири ҳисобланган Бутандаги Паро халқаро аэропортига қироллик бортини муваффақиятли қўндирган.
Live
All