Сув олиш тартибини бузган юридик шахслар жазоланади

Local

−

image

Энди Ўзбекистонда сув олиш тартибини бузган юридик шахсларга молиявий санкциялар қўлланилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг жорий йил 21 октябрь куни қабул қилинган 585-сонли қарори билан тасдиқалнган қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжларга сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Унга кўра, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун сув олишда қуйидаги ҳолатлар қоидабузарлик ҳисобланади:

  • белгиланган лимитдан ортиқ сув олиш;
  • сув олиш шартномасини расмийлаштирмасдан сув олиш;
  • сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламаслик;
  • сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатномасиз сув олиш;
  • ўзбошимчалик билан сув олиш.

2027 йил 1 январдан бошлаб йил давомида биринчи марта сув олиш тартибини бузган, бироқ фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг мулкига зарар етказмаган юридик шахсларга нисбатан “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси қўлланилади.

Бундай ҳолларда Инспекция юридик шахсни suvnazorat.uz электрон платформаси орқали огоҳлантиради ва қоидабузарликни бартараф этиш бўйича кўрсатма беради.

Агар қоидабузарлик 10 кун ичида бартараф этилмаса, молиявий санкция қўлланилади. Молиявий санкция ҳар минг куб метр сув учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) асосида, Сув кодексининг 164-моддасида белгиланган фоиз миқдорида ҳисобланади. Санкция қўлланилганидан кейин бир йил ичида қоидабузарлик такроран содир этилса, санкция беш баравар миқдорда қўлланилади.

Қарор ва санкция ҳисоб-китоби олинган кундан бошлаб бир ой ичида белгиланган сумманинг 50 фоизи ихтиёрий равишда тўланса, юридик шахс қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, санкция суммасини олти ойдан кечиктирмай, ҳар ойда камида олтидан бир қисмини тўлаш шарти билан бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. Бир ой ичида дастлабки тўлов амалга оширилганда ушбу тартиб автоматик равишда қўлланилади.

Санкция ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, юридик шахсга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилмаган деб ҳисобланади.

Агар бир ой ичида ихтиёрий тўлов амалга оширилмаса, Инспекция судга даъво аризаси киритади. Санкция устидан шикоят қилинган тақдирда, шикоят кўриб чиқилгунга қадар уни қўллаш жараёни ва муддати тўхтатиб турилади.

Суд томонидан ноқонуний ва асоссиз деб топилган, аввал тўланган маблағлар 15 кун ичида қайтарилади. Маблағ ўз вақтида қайтарилмаган ҳар бир календарь кун учун Марказий банк асосий ставкасининг уч юздан бири миқдорида фоиз тўланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends