Учтепадаги ёнғин: аёлнинг ўлими – бахтсиз ҳодисами ёки жиноят?
Review
−
24 October 1139 2 minutes
Учтепадаги хонадонда бир киши тириклайин ёниб кетди. Жорий йилнинг, 24 октябрь куни соат 01:33 да Тошкент шаҳар ФВББга Учтепа тумани, Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган тураржой мажмуасидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабар асосида ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, аланга соат 01:52 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида хонадоннинг уй жиҳозлари зарарланган. Воқеа жойида бир нафар фуқаронинг жасади аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳодиса сабаблари ва бошқа тафсилотларни аниқлаш бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тармоқларда тарқалган видеода, ёнғин қутқарув экипажлари кўп қаватли уй атрофида тартибсиз қўйилганлиги сабабли воқеага жойига тезкор етиб боришда қийинчиликларга дуч келганини акс этган. Фойдаланувчилар эса кўп қаватли уй эгаларининг хонадонларига автотураргоҳ тоғри жойлаштирилмаганидан шикоят қилмоқда.
Очиқ манбаларга кўра, ёнғин Учтепа туманидаги “O‘rikzor Residence” мажмуасининг 13-уйида содир бўлган. Мажмуа 2018 йил 12 июнда рўйхатдан ўтган “Land House” МЧЖ томонидан қурилган.
Ўзбекистонда амалдаги Шаҳарсозлик кодексида қурувчилар учун кўп қаватли уйлар билан бирга автотураргоҳ қуриш мажбурияти белгиланмаган. 2025-йилги давлат дастури лойиҳасида ерости ва ерусти автотураргоҳларини назарда тутувчи талабларни ишлаб чиқиш таклиф этилган, бироқ бу масала ҳозир кун тартибида эмас. 2023-йилги давлат дастурида ҳам шундай мажбуриятни жорий этиш кўзда тутилган, аммо Шаҳарсозлик кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилмаган.
Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жорий йил апрелидаги буйруғига кўра, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари қаршисида ва киришга тўсқинлик қиладиган жойларда автомобиль қўйиш тақиқланган. Бу чеклов ўт ўчириш, тез ёрдам ва бошқа фавқулодда хизматлар машиналарининг хизмат фаолиятига татбиқ этилмайди.
Хуллас, ёнғин вақтида қутқарувчилар ишини қийинлаштирган, автомобиллар билан тўлиб қолган йўлаклар қурилиш компаниялари томонидан автотураргоҳлар ташкил этиш масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Энг қизиғи, амалдаги қонунчиликда ҳам қурувчилар учун автотураргоҳ қуриш мажбурияти белгиланмаган. Оқибатда эса автотураргоҳлар етишмаслиги ва йўлакларнинг тўсиб қўйилиши фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётига ҳам зомин бўлмоқда.
Live
All