Спортзал, гольф ва ётоқ: қамоқхонани кошонага айлантирган мулозимлар ишдан олинди

World

−

image

Индонезияда маҳбуслар учун кондиционер, катта экранли телевизор ва бошқа қулайликларга эга ҳашаматли хоналар ташкил этилгани аниқланиб, қамоқхонанинг беш нафар раҳбар ходими лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат Индонезия пойтахти Жакарта яқинидаги Богор шаҳрида жойлашган “Cibinong” қамоқхонасида аниқланган. Мамлакат Омбудсмани вакиллари жорий йилнинг 23 сентябрь куни ўтказилган кутилмаган текширув давомида оддий камералардан алоҳида жойлашган 10 дан ортиқ тураржойни топган.

Омбудсман вакили Сяфрида Рачмавати Расаханнинг айтишича, айрим маҳбуслар бошқа маҳбусларда мавжуд бўлмаган махсус шароитлардан фойдаланган. Текширув вақтида тураржой мажмуасида маҳбуслар бўлгани, хоналарда диванлар ва овқатланиш жойлари ташкил этилгани аниқланган. Шунингдек, мажмуада спорт зали ва гольф симулятори қурилаётгани маълум бўлган.

Индонезия Иммиграция ва жазони ижро этиш вазирлиги бош инспектори Руди Сетиаваннинг билдиришича, ҳолат юзасидан ўнлаб маҳбуслар ва қамоқхона ходимлари сўроқ қилинган. Текширув доирасида беш нафар раҳбар, жумладан, “Cibinong” қамоқхонаси бошлиғи ҳам лавозимидан четлатилган.

Маълумотларга кўра, 4 гектар майдонни эгаллаган қамоқхонада коррупция ва бошқа шов-шувли жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар ҳам сақланади. Ҳашаматли хоналардан айнан қайси маҳбуслар фойдалангани ҳозирча расман ошкор этилмаган.

Текширувчилар мазкур бинолар дастлаб қамоқхона ходимлари учун хизмат турар жойи сифатида мўлжалланганини билдирган. Ҳозирда улар маҳбуслар учун рухсатсиз тураржойга айлантирилганми ёки йўқми, шунингдек, имтиёзлар эвазига қамоқхона ходимларига пул берилганми, деган масалалар ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Техас штатидаги қамоқхоналарда жазирама иссиқ сабабли юзага келаётган оғир шароитлар ортидан федерал судья барча қамоқхоналарга 2029 йил охиригача кондиционер ўрнатишни буюргани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends