“Сити” эгалари клубни сотишга мажбур бўлиши мумкин

Sport

−

image

Англиянинг Мустақил футбол регулятори (IFR) раҳбари Дэвид Коган “Манчестер Сити” клуби молиявий қоидабузарликлар бўйича апелляцияда мағлуб бўлса, ташкилот унинг эгаларини клубни сотишга мажбурлаш ваколатига эга эканини маълум қилди. Бу ҳақда Коган “The Rest Is Football” подкастидаги суҳбат чоғи сўз очди.

Аввалроқ, Англия Премьер-лигаси мустақил комиссияси “Манчестер Сити”ни 2009-2010 йилдан 2017-2018 йилгача бўлган мавсумларда молиявий қоидабузарликлар билан боғлиқ айбловларнинг бир қисми, шунингдек, тергов билан ҳамкорлик қилмаслик бўйича айбловларнинг аксарияти юзасидан айбдор деб топганини тасдиқлаган эди. Жазо чораси алоҳида муҳокамада белгиланиши керак.

Клуб ўз айбсизлигини таъкидлаб келмоқда ва жорий йилнинг 2 октябрь куни қарор юзасидан апелляция шикояти берди. Коганнинг айтишича, апелляция жараёни якунланмасдан туриб, қандайдир чора кўриш ҳақида гапиришга эрта. Бироқ унинг сўзларига кўра, IFR клуб эгаларидан бошқарувни тарк этишни талаб қилиш ваколатига эга бўлиши мумкин.

“Агар клуб эгаси бизнесни тўғри, адолатли ва виждонан бошқармаяпти, деб ҳисобласак, биз уни бошқарувдан кетишга мажбурлаш ваколатига эгамиз”, дейди Коган.

2023 йил февраль ойида Премьер-лига “Манчестер Сити”га нисбатан кўплаб айбловларни эълон қилган эди. Улар орасида 2009-2010 йилдан 2017-2018 йилгача бўлган даврда молиявий маълумотларни нотўғри тақдим этиш, мураббийлар ва футболчиларга тўланадиган мукофот пуллари ҳақида тўлиқ маълумот бермаслик, шунингдек, UEFA’нинг лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидалари ҳамда Премьер-лиганинг даромадлар ва барқарорлик талабларига риоя қилмаслик каби ҳолатлар бор.

Маълумот учун, “Манчестер Сити” 2008 йилдан буён шайх Мансурга тегишли. У клубни ўзининг инвестиция тузилмаси – Abu Dhabi United Group орқали сотиб олган. 2013 йилда жамоа City Football Group (CFG) таркибига кирган. Шайх Мансур эгалиги даврида “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасида саккиз марта, Англия Лига кубогида етти марта, Англия кубогида тўрт марта ва Чемпионлар лигасида бир марта ғолиб бўлган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends