Шерзод Асадов таълим тизимидаги ислоҳотлар мазмунини тушунтирди
Local
−
03 October 972 2 minutes
Аввалроқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов таълим тизимидаги ушбу ислоҳотлар мазмунини тушунтирди.
Унинг билдиришича, Президентнинг икки вазирликни бирлаштиришдан кўзлаган асосий ғояси қуйидагилардан иборат:
- Таълим ва илм-фан вазирлиги барча боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиши ва уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлиши, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаши, аккредитатсиялаш ва лицензиялаш билан шуғулланиши керак;
- Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ўқув дастурлари, қўлланмалар ва методик материалларни ишлаб чиқадиган ўзига хос лаборатория вазифасини бажариши, уларни амалиётга жорий этиши, натижаларини кузатиши ва аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштириб бориши керак. Бу ишлар Президентимиз белгилаб берган «ўзбек мактаби битирувчисининг портрети»га таянган ҳолда олиб борилади;
- Президент Администрацияси ва унинг ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида ишчи гуруҳ янги вазирликнинг тузилмасини ишлаб чиқади, иш жараёнларини қайта кўриб чиқади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда ислоҳотнинг умумий стратегиясини белгилайди;
- олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат сектор учун имкониятлар яратиш лозим, қайси олийгоҳ сифатли таълим бераётганини эса эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқадиган махсус ишчи гуруҳ ташкил этилаётгани ва унга жамоатчилик асосида тадбиркор Зафар Ҳошимов раҳбарлик қилиши ҳақида хабар берилган эди.