Очиқликни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – Шерзод Асадов (видео)
Local
−
26 June 2143 3 minutes
Бугунги кунда ахборот маконида очиқликни таъминлаш, мустақил журналистикани қўллаб-қувватлаш, рақамли медиа имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 июнь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар билан ўтказилган Медиа форумда сўз очди.
Унинг билдиришича, жорий йилда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони 2700 тани ташкил этиб, 2025 йилга нисбатан 15 фоизга ўсган. Нашриёт субъектлари сони 659 тага етиб, 11 фоизга, матбаа корхоналари сони эса 1826 тага етиб, 29 фоизга ошган. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қарийб 67 фоизи, нашриёт субъектларининг 90 фоиздан ортиғи, матбаа корхоналарининг эса 83 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.
“Албатта, соҳа ривожини фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Бугун биз учун энг муҳим вазифа ахборот майдонида сифат, холислик, ишонч ва профессионал масъулият мезонларини янада мустаҳкамлашдир. Чунки кучли медиа бу аввало жамият ишонадиган, фактларга таянадиган ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган медиа демакдир. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги кунда матбуот иши ахборот соҳаси мудофаа ва хавфсизлик каби ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дейди Асадов.
Унинг айтишича, Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратилмаса, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатлар нуқтаи назаридан баҳо берилмаса, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратилган бўлади.
“Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқа қилади. Ахборот маконида очиқликни таъминлаш, мустақил журналистикани қўллаб-қувватлаш, рақамли медиа имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда”, дейди Президент матбуот котиби.
Шерзод Асадовга кўра, бугун давлат миллий медиа майдонида фақат тартибга солувчи эмас, балки рағбатлантирувчи ва ҳамкор сифатида ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу маънода давлат жамият учун муҳим масалаларни дадил кўтараётган, кучли фуқаролик позициясини намоён этаётган ёш ижодкорлар, журналистлар ва блогерларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр.
“Азиз ҳамкасблар, бугунги очиқлик сиёсати медиа соҳаси олдига ҳам янги талабларни қўймоқда. Энди журналистика нафақат тезкор ахборот етказиш, балки жамиятда соғлом фикр, холис таҳлил ва масъулиятли мулоқот маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим кучга айланмоқда”, дейди Шерзод Асадов.
Шунингдек, у жамиятда қонунийлик, очиқлик, инсон қадри ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашда журналистларнинг фидокорона меҳнати беқиёс аҳамиятга эга эканини қайд этган. Асадовнинг айтишича, бугун медиа давлат ва жамият ўртасидаги муҳим кўприкка айланган.
“Ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга тушунарли тилда етказиш, одамларнинг фикри ва муаммоларини масъул идораларга олиб чиқиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтиришда биз сизларга таянамиз. Айниқса, ёшлар онги ва дунёқарашини шакллантириш, миллий асраб-авайлаш, ахборот ҳужумларига қарши иммунитетни кучайтиришда медиа вакилларининг ўрни беқиёс”, дейди у.
Live
All