ЎзЖОКУда диссертация ҳимояси учун пора талаб қилиндими?

−

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети илмий семинардан ўтиш учун тадқиқотчилардан пора ва турли совғалар талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан университет муносабат билдирди.

Қайд этилишича, диссертация ишларини илмий семинар муҳокамасига киритиш ва кўриб чиқиш жараёнлари Олий аттестация комиссияси талаблари асосида амалга оширилади. Ҳар бир тадқиқот иши дастлаб кафедрада муҳокама қилинади. Ижобий хулоса олган ишлар илмий семинарга киритилади. Унда тадқиқотчининг маърузаси, савол-жавоблар, тақризчилар хулосалари ва автореферат кўриб чиқилади. Якуний қарор семинар аъзоларининг очиқ овози билан қабул қилинади.

Университет маълумотларига кўра, жорий йилнинг бошидан буён 34 нафар тадқиқотчининг диссертация иши илмий семинар муҳокамасидан ўтказилган. Жорий йилнинг сентябрь–ноябрь ойларида эса бешта иш аниқланган илмий ва техник камчиликларни бартараф этиш учун қайта ишлашга қайтарилган.

Шунингдек, университетда илмий семинар иштирокчилари учун дастурхон ёзиш, иссиқ овқат ташкил этиш ва совғалар тақдим қилиш амалиёти ректорнинг 2023 йилнинг 16 августдаги буйруғи билан тақиқлангани билдирилган.

Университет матбуот хизмати пора ёки совға талаб қилингани ҳақида аниқ маълумот ва далилларга эга шахсларни университет раҳбариятига мурожаат қилишга чақирган. Бундай мурожаатлар белгиланган тартибда холис ўрганилиши таъкидланган.

Олийгоҳ диссертация ишларига қўйиладиган талаблар илм-фан сифати, академик ҳалоллик ва илмий даражалар нуфузини таъминлашга хизмат қилишини билдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends