Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Корея” саммитида 5 та таклифни илгари сурди
Local
−
13:33 938 4 minutes
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президенти ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича таклифларни илгари сурган. Биринчи йўналиш ҳамкорликни режалаштиришнинг узоқ муддатли уфқларини шакллантиришни қамраб олади.
“Бугунги замонавий дунёдаги глобал ўзгаришлар суръати давлатларнинг унга мослашиш имкониятидан тобора илгарилаб кетмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозори ва бутун бошли саноат тармоқларини ўзгартирмоқда. Иқлим ва сув билан боғлиқ хавф-хатарлар келгуси бир неча ўн йилликлар учун мўлжалланган ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Таълим, инфратузилма, технология ва инсон капиталига нисбатан янги талаблар пайдо бўлмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Ушбу таҳдидларга жавобан “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланган узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини яратиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали рақамли келажак хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам умумий эътибор марказида бўлиши лозим. Иккинчи соҳа савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларни ягона бизнес мантиғи доирасида бирлаштиришга қаратилган.
“Ҳозирда Марказий Осиё фақат хомашё етказиб берадиган минтақа эмас. Мамлакатларимиз инновацион ва технологик ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтириб, қўшимча қийматнинг глобал занжирларига фаол қўшилмоқда”, дейди давлат раҳбари.
Саноат ва савдо вазирлари учрашувлари платформасини яратиш ташаббуси қўллаб-қувватланган. Ушбу мувофиқлаштирувчи механизмнинг таъсис этилиши ўзаро савдони сезиларли даражада кўпайтириш учун биргаликда самарали ечимларни топиш ҳамда 2030 йилга бориб, минтақа мамлакатлари ва Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш имконини беради.
Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш доирасида минтақа бозори учун инновацион ишлаб чиқариш базаси бўлиб хизмат қиладиган “Марказий Осиё – Корея” саноат-технологик паркини Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлик билдирилган.
Мамлакатлар ҳудудлари ўртасида тўғридан тўғри шериклик алоқаларининг йўлга қўйилиши иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи экани ва бунга келгуси йили Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Корея учинчи ҳудудлараро форумида барча мамлакатлардан маҳаллий ҳокимлик ва бизнес вакиллари иштирок этиши орқали эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Учинчи йўналиш муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очишга қаратилган.
“Мазкур қимматбаҳо хомашёга бўлган талаб тез ўсиб бораётгани ва унинг Марказий Осиёдаги улкан захираларини ҳисобга олган ҳолда, минтақа жаҳон бозорида етакчи етказиб берувчилардан бирига айланишга қодир”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Шу боис, минтақада ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари – геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган йирик саноат кластерларини ташкил этиш мақсадида муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини шакллантириш таклиф этилган.
Ҳамкорликнинг тўртинчи йўналиши “яшил” тараққиёт ва иқлим ўзгаришига мослашиш эҳтиёжларидан келиб чиқади.
Иқтисодиётлардаги бир-бирини тўлдириб турувчи имкониятларни бирлаштириш мақсадида Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга тушириш таклиф этилган.
Бешинчи йўналиш ёш авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда ишлашни назарда тутади.
Марказий Осиё – алоҳида демографик энергияга эга бўлган минтақа бўлиб, аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
“Биз учун ёш авлод илғор билимлар, кўникмалар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имконига эга бўлиб, келгусида замонавий технологик иқтисодиётнинг бир қисмига айланиши жуда муҳим”, дейди мамлакат етакчиси.
Шу муносабат билан инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш таклиф этилган. Ушбу ҳамкорлик “буюртма – ўқитиш – бандлик” деган аниқ тамойилга асосланиши керак.
Айниқса, сунъий интеллект технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёшларнинг тутган ўрни жуда муҳим. Шу боис, Президент Ли Чжэ Мённинг “Ўхшаши йўқ Корея” доктринасини ушбу кенг кўламли жараён учун Марказий Осиёдаги асосий таянч майдонлардан бирига айлантириш таклиф этилган.
Якунда Ўзбекистон келгуси йилда Корея Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақада яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини энг юқори даражада ўтказишга тайёр экани таъкидланган.
Саммитда бошқа етакчилар ҳам сўзга чиққан. Тадбир якунлари бўйича Сеул декларацияси ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тааллуқли бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинган.
Live
All