Саудия Маккага учирилган икки ракетани тутиб қолди
World
−
11:30 1599 2 minutes
Кеча, 11 ноябрь куни Саудия Арабистонининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинган иккита баллистик ракета парчаси Маккага тушди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Саудия давлат телевидениеси ракета парчалари тушган жойлар Макка шаҳридаги Масжидул Ҳарамдан 35 километр шимоли-шарқда жойлашган Сабуҳа қишлоғи ҳамда масжиддан 21 километр шарқда жойлашган Водий ал-Мағмас ҳудуди эканини маълум қилган.
Саудия фуқаро мудофааси хизмати ракеталар Макка вилояти томон учирилгани, бироқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб олиниб, йўқ қилинганини билдирган.
Қайд этилишича, ҳусийлар Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларини нишонга олгани ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этган. Улар ҳарбий амалиётлари Саудия ҳудудидаги бошқа ҳарбий ва стратегик объектларга қаратилганини таъкидлаб келади.
Саудия Арабистони эса ҳусийларнинг бу ҳаракатларини тинч аҳоли объектларига қарши ҳужум сифатида баҳолаб, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атаган.
Маълумот учун, ҳусийлар 2014 йилда Яманнинг пойтахти Санани эгаллаган. Шундан сўнг, 2015 йилда Саудия Арабистони халқаро ҳамжамият тан олган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий амалиёт бошлаган. 2022 йилда БМТ воситачилигида эришилган сулҳ можарони асосан тўхтатган бўлса-да, жорий йил бошидан томонлар ўртасида ҳужумлар яна кучайган.
Сўнгги кескинлашув Қизил денгиз ва Адан кўрфазини боғловчи муҳим денгиз йўли – Боб ал-Мандоб бўғозидаги хавфсизликка ҳам таҳдид солмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Макка шаҳри яқинида Ямандаги ҳусийлар томонидан учирилган дронни тутиб, йўқ қилганини маълум қилган эди.
Live
All