SAT сертификатини олиб бериш учун “бункер” ташкил қилган талабалар ушланди (видео)
Crime
−
10:49 1658 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактаб биносида SAT сертификатини олиб берувчи “бункер” ташкил қилган талабалар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқароларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда фойдаланиладиган математика ва инглиз тили бўйича халқаро SAT сертификатини ноқонуний тарзда олиб бериш билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Гуруҳ аъзоларининг аксарияти Европадаги нуфузли университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари, 1 нафари эса Осиёнинг етакчи давлатларидан биридаги олий таълим муассасасининг пойтахтимиздаги филиали талабаси ҳисобланади. Улар Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактаб биносида “бункер” ташкил қилган.
IT соҳасига ихтисослашган МЧЖ мутахассиси яширин тарзда тизимга кириб, тест саволларини ишлаш имкониятини яратган. Талабалар эса масофадан туриб, талабгорлар ўрнига саволларни ечиш билан шуғулланган.
Шунингдек, гуруҳ аъзоларидан бири халқаро SAT сертификатини олмоқчи бўлган 5 нафар фуқаронинг ҳар биридан 1,5 минг АҚШ долларидан талаб қилиб, ҳатто улардан бирининг пул маблағини крипто-ҳамён орқали олишга улгурган. Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нуфузли олий таълим муассасасининг учинчи босқичида ўқиб келган, интернет нарко-дўконда “кладмен” сифатида ишлаган талаба қўлга олинган эди.
Live
AllPrezident nukusliklar bilan samimiy suhbatlashdi
18 September