Самарқанддаги шахмат олимпиадасида Исроил техник мағлубиятга учради
Sport
−
14:53 2223 2 minutes
Самарқандда ўтаётган Шахмат Олимпиадасининг 6-турида Исроил эркаклар ва аёллар терма жамоаларига техник мағлубият ёзилди. Исроиллик шахматчилар Йом Киппур диний байрами сабаб учрашувларда иштирок этишдан бош тортган. Бу ҳақда “World Chess” хабар берди.
Эркаклар ўртасидаги баҳс жорий йилнинг 21 сентябрь куни Нидерландия, аёллар ўртасидаги учрашув эса Болгария терма жамоасига қарши ўтказилиши режалаштирилган эди. Исроил жамоалари учрашувларни кейинроққа, 22 сентябрь кунига қадар кўчиришни сўраган.
Бироқ рақиб жамоалар бу таклифни қабул қилмаган. FIDE эса уларнинг учрашувларни бошқа вақтга кўчиришдан бош тортишга тўлиқ ҳаққи борлигини таъкидлаган. Натижада Исроилнинг ҳар икки терма жамоаси ҳам 0:4 ҳисобида техник мағлубиятга учради.
Қайд этилишича, 5-турда ҳам исроиллик шахматчиларнинг учрашувлари қайта режалаштирилган. Сингапур ва Колумбияга қарши баҳслар ўйинчиларга Рош Ҳашана байрами бошланишидан олдин учрашувларни якунлаш имконини бериш учун бошқа вақтга кўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, бу шахмат Олимпиадасида Исроил жамоалари учун техник мағлубият биринчи марта қайд этилган ҳолат эмас. Мусобақанинг илк турларида ҳам шундай ҳолат кузатилган. Ўшанда Покистон эркаклар терма жамоаси “фаластинликлар билан бирдамлик” сабаб рақиби билан ўйнашдан бош тортган эди. Натижада покистонликларга дастлабки турда 4:0 ҳисобидаги техник мағлубият ёзилган.
Live
All