Саида Мирзиёева ЖСТ раҳбари билан мулоқот ўтказди
Local
−
11:04 746 2 minutes
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни янги босқичга кириб бормоқда. Сўнгги йилларда музокаралар жадаллашиб, мамлакатнинг ЖСТ доирасидаги иштироки тобора фаоллашмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича 13 та Ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди, 35 та давлат билан икки томонлама музокаралар бошланди ва уларнинг 33 таси якунланди. Миллий қонунчиликнинг қарийб 200 та ҳужжати ЖСТ талабларига мувофиқлаштирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташкилот ичидаги мулоқотларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Мамлакат ривожланаётган давлатларнинг норасмий гуруҳи – IGDC аъзоси бўлди ва ЖСТга қўшилаётган давлатлар норасмий гуруҳида мувофиқлаштирувчи мақомини олди.

Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати – юқори даражадаги мунтазам мулоқот. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбариятининг ЖСТ Бош директори билан Женева, Нью-Йорк ва Тошкентдаги учрашувлари ташкилотга аъзо бўлиш масаласи Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан бири эканини кўрсатади. ЖСТ раҳбари ҳам мамлакатнинг аъзо бўлиш жараёнини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Кеча, 24 сентябрь куни мана шундай мулоқотлардан бири бўлиб ўтган. Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ва Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори ўртасида кечган мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни қандай кетаётганини ҳамда олдинда турган якуний вазифалар муҳокама қилинган.

“Бизни доимий қўллаб-қувватлаб, экспертлик кўмагини бераётган қадрли Оконжо-Ивеала хонимга миннатдорлик билдираман. Бу йўлнинг катта қисмини босиб ўтдик, бундан кейин шаҳдимизни сусайтирмасдан, бошланган ишни ниҳоясига етказишимиз жуда муҳим”, дея ёзиб қолдирган учрашув ҳақида Саида мирзиёева.
Қайд этиш жоиз, ЖСТга аъзолик – бу шунчаки халқаро ташкилотга қўшилиш эмас. Бу Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимидаги ўрнини белгилайдиган, миллий қонунчилик ва иқтисодий муҳитни халқаро қоидалар билан уйғунлаштиришни талаб қиладиган комплекс жараёндир.
Бугун бу йўлда музокаралар давом этмоқда. Кейинги босқич – эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш ва жараённи якуний аъзолик сари олиб бориш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йоркда BlackRock раҳбарияти – компания президенти Роберт Капито, вице-раис Томас Данилон, Global Infrastructure Partners раиси ва бош ижрочи директори Адебаё Огунлеси, Молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбари Чарльз Хатами билан учрашув ўтказганди.
Live
All