Саида Мирзиёева дунёнинг йирик инвестиция компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Жамият

−

image

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йорк БлэкРок (BlackRock) раҳбарияти – компания президенти Роберт Капито, вице-раис Томас Данилон, Global Infrastructure Partners раиси ва бош ижрочи директори Адебаё Огунлеси, Молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбари Чарльз Хатами билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилинган.

Президент Администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, БлэкРок ушбу Тошкент халқаро молия маркази концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда.

Шунингдек, АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги қўшма давра суҳбатида Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

“Ўзбекистон йирик, самарали, сифатли сармоялар учун янги имкониятлар майдонига айланмоқда”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, БлэкРок (BlackRock) дунёдаги энг йирик халқаро инвестиция ва активларни бошқариш компанияларидан биридир. Компания сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ҳам фаол алоқалар ўрнатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва БлэкРок ўртасида келгусидаги ҳамкорлик юзасидан келишувлар имзоланган. Шунингдек, республикадаги қатор йирик корхоналар капиталига кириш, сунъий интеллект (СИ), маълумотлар марказлари (дата-марказлар) ва барқарор ривожланиш лойиҳаларида қатнашиш режалаштирилган. 

Global Infrastructure Partners (GIP) эса энг йирик ва нуфузли мустақил инфратузилма фондларини бошқарувчи инвестиция компанияларидан бири бўлиб, БлэкРок компанияси GIP'ни 12,5 миллиард долларга сотиб олган ва бу келишув 2024 йил охирида тўлиқ якунланган. Ҳозирда у БлэкРок таркибидаги алоҳида йирик бўлинма сифатида фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google компанияси вице-президенти Каран Бхатия билан учрашув ўтказганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг