Россия Украинадаги савдо марказини бомбалади.  Қурбонлар бор

World

image

Россия дронларининг Украина марказидаги Кривой Рог шаҳридаги савдо марказига берган зарбалари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 130 дан ортиқ одам эса жароҳатланди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Қайд этилишича, дронлар кеча, 21 август куни кундузи шаҳарга ҳужум қилган бўлиб, жароҳатланганлар орасида 22 нафар бола бор. Вилоят губернатори Александр Ганжага кўра, 29 киши оғир аҳволда, уларнинг 5 нафари болалардир.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳужумни “мутлақо шафқатсиз ва жирканч” деб атаган. Унинг айтишича, биринчи дрон зарбасидан тахминан ярим соат ўтиб, иккинчи дрон савдо марказига урилган ва бу қутқарув хизматлари ходимларини ҳам нишонга олишга қаратилган атайлаб қилинган ҳужум бўлган.

Бугун, 22 август куни эрталаб Ганжа вайроналар остида 9 киши, жумладан 2 нафар бола бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилганини маълум қилган. Қайд этилишича, қутқарувчилар савдо маркази вайроналари остида қидирув ишларини давом эттирмоқда.

Шунингдек, Зеленский Россия ҳужумини “террорчилик ҳаракати” деб атаб, халқаро ҳамжамиятни Москвани жавобгарликка тортишга чақирган. 

“Биз, албатта, жавоб қайтарамиз”, деган Украина Президенти.

Маълум қилинишича, кеча, 21 август куни Украинанинг жанубидаги Николаев вилояти ҳам Россия дрони ҳужумига учраган. Украина давлат ОАВларига кўра, бу ҳужумда 3 нафари бола бўлган камида 4 киши ҳалок бўлган, яна 1 аёл жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киевга Россия баллистик ракеталари билан берилган зарбалар оқибатида 17 киши ҳалок бўлган эди. Шу билан бирга, Украина ҳам Россия ҳудудидаги нефть объектлари ва логистика инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириб, Москванинг уруш олиб бориш имкониятларига зарар етказишга ҳаракат қилмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends