Россия байроғи можароси: ўзбекистонлик аёлга жиноий иш қўзғатиш рад этилди

Local

image

Аввалроқ, Россиянинг Нижний Новгород вилоятида ўзбекистонлик аёл Россия байроғи ва герби расми тушурилган гиламчани оёқ остига тўшагани учун жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу иш бўйича жиноий иш қўзғатиш рад этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, Россия Федерациясининг Нижегород вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган рейд давомида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан тегишли консуллик-ҳуқуқий ишлар амалга оширилган.

Бош консулхона томонидан Россия Федерациясининг ваколатли идоралари билан дипломатик каналлар орқали олиб борилган музокаралар натижасида мазкур ҳолат юзасидан амалий натижаларга эришилган.

Жумладан, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Нижний Новгород шаҳридаги ваколатхонаси билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.С. га нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 329-моддаси (давлат байроғи ёки давлат гербини таҳқирлаш) бўйича ушбу давлатнинг ваколатли идоралари томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу билан бирга, миграция қонунчилиги талабларига мувофиқ М.С. нинг Ўзбекистон Республикасига қайтиши билан боғлиқ тегишли тартиб-таомиллар амалга оширилмоқда. Унинг Ўзбекистонга қайтиши эртага, 6 август кунига белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вазиятда М.С. яшаш хонасининг кириш жойига Россия байроғи ва гербининг расми тушурилган гиламчани тўшагани учун сўроққа тутилган. Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 329-моддаси (давлат байроғи ёки давлат гербини таҳқирлаш) бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилиши айтилганди. Аёлнинг бу ҳолатга изоҳ беришича, у гиламчани бир неча кун олдин кўчадаги аҳлатдан топиб олган ва уни ювиб-тозалаган ҳамда уйига олиб кирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends