Роналду бир шарт билан Португалия терма жамоасига қайтиши мумкин
Sport
−
10:30 1479 2 minutes
Беш карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду агар жамоа бош мураббийи алмаштирилса, Португалия терма жамоасига қайтиши мумкин. Бу ҳақда португалиялик футбол агенти Паулу Барбоза РИА Новостига маълум қилди.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Роналду миллий терма жамоадан кетишини расман эълон қилди ва ижтимоий тармоқларда видеомурожаат йўллади. 41 ёшли футболчи жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Норвегияга қарши Миллатлар лигаси доирасидаги учрашувда 2:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг терма жамоани тарк этган. Ўша баҳсда у захирада қолдирилган эди. Бу эса Криштиану ва терма жамоа бош мураббийи Жорже Жезуш ўртасида зиддият келиб чиқишига сабаб бўлган.
“Криштиану Европа чемпионатида ўйнашни хоҳлагани аниқ эди. Бироқ мураббий билан ўртада келишмовчилик юзага келди ва жамоатчилик Роналду эмас, балки мураббий томонида бўлди. Ушбу можародан кейин бош мураббий истеъфога чиқишига умид қилган эди, аммо бу амалга ошмади. У ўзини терма жамоа билан боши берк кўчада қолгандек ҳис қилди. Унинг баёноти эса муайян мураббий билан ишлашни истамаётганини англатади. Ишончим комилки, агар терма жамоа Европа чемпионатига тайёргарлик якунлангунига қадар бош мураббийни алмаштирса, Роналду жамоага қайтишни исташи мумкин”, дейди Барбоза.
2028 йилги Европа чемпионати Буюк Британия ва Ирландияда бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 41 ёшли Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги дебютини 18 ёшида, 2003 йил 20 август куни Қозоғистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида (1:0) ўтказган. У мазкур баҳснинг иккинчи бўлимида захирадан майдонга тушган. Ҳужумчи Португалия терма жамоаси сафида жами 234 та ўйинда майдонга тушиб, 146 та гол урган ва 45 та голли узатмани амалга оширган.