Расман: Францияда эвтаназияга рухсат берилди
World
−
16:00 2315 2 minutes
Францияда тузалмас хасталикка чалинган вояга етган фуқароларга ҳаётдан кўз юмишда ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи қонун расман кучга кирди. Жорий йилнинг 14 август куни Конституциявий кенгаш бу ҳақдаги ҳужжатнинг Асосий қонунига мувофиқлигини тасдиқлади.
“The Guardian” нашрининг хабар беришича, ҳужжат чидаб бўлмас азоб-уқубатларга сабаб бўлувчи оғир тузалмас касалликларга чалинган вояга етган Франция фуқаролари ва доимий яшовчиларига нисбатан татбиқ этилади. Муолажани ўтказиш тўғрисидаги қарорни беморнинг аҳволини баҳолаш ва шифокор хулосасидан сўнг махсус комиссия қабул қилади.
Ижобий қарор чиқарилган тақдирда, бемор камида икки кун кутиши, муолажа кунида эса ўз қарорини яна бир бор тасдиқлаши керак. Ундан исталган босқичда воз кечиш мумкин. Умумий қоидага кўра, инсон ўлимга олиб келувчи препаратни мустақил қабул қилиши лозим. Агар жисмоний аҳволи бунга имкон бермаса, моддани тиббиёт ходими юбориши мумкин.
Янги қонун қабул қилингунига қадар Франция қонунчилиги фақатгина ҳаётни ушлаб турувчи даволанишдан воз кечишни ва ўлим олдидан чуқур тинчлантиришни қўллашни маъқуллар эди. Ҳаётдан кўз юмишда фаол ёрдам бериш тақиқланганди. Шу сабабли беморлар бундай амалиёт легаллаштирилган бошқа мамлакатларга боришга мажбур бўлган.
2022 йилги сайловолди кампаниясидаёқ ушбу қонун қабул қилинишини ёқлаб чиққан Франция Президенти Эммануэль Макрон уни узоқ давом этган демократик муҳокамалар натижаси деб атаган. Шу тариқа, Франция эвтаназияга рухсат берган Нидерландия, Бельгия, Швейцария ва Канада каби бир қатор давлатлар қаторига қўшилди.
Шу билан бирга, қонуннинг қабул қилиниши бир қатор тиббиёт ва диний ташкилотлар томонидан танқидга учради. Улар ҳужжат назарда тутилган кафолатларни энг ожиз инсонларни ҳимоя қилиш учун етарли эмас деб ҳисобламоқда ва охирги қарорни қабул қилиш учун берилган қисқа – икки кунлик муддатга эътибор қаратмоқда.
Конституциявий кенгаш қонунни тўлиқ ҳажмда сақлаб қолган, аммо айрим қоидаларга аниқлик киритишни талаб қилган. Хусусан, эътиқод билан ва виждонан рад этиш ҳуқуқи нафақат шифокорлар ва ҳамшираларга, балки фармацевтларга ҳам татбиқ этилади. Худди шундай ҳуқуқни хусусий, жумладан, диний тиббиёт муассасалари ҳам олган – агар муолажани ўтказиш уларнинг йўналишига зид бўлса. Бироқ агар улар муайян ҳудудда бундай хизматни кўрсата оладиган ягона муассаса бўлса, рад эта олмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландияда 12 ёшга тўлмаган оғир хасталикка чалинган болага нисбатан илк бор эвтаназия (даволаш имкони бўлмаган оғир касалликларда беморнинг розилиги билан унинг ҳаётини тинч ва азобсиз тугатиш амалиёти) амалга оширилганди.
Live
All