Раҳмон ўзбекзабон аҳоли учун ўзбекча мактаблар қуришни буюрди
World
−
14 August 1338 2 minutes
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига амалий ташрифи давомида таълим соҳасидаги республика ва шаҳар органларининг масъул вакилларига Турсунзода шаҳрининг ўзбекзабон аҳолиси учун ўзбек тилида таълим берадиган таълим муассасаларини қуриш ҳамда уларни она тилидаги дарсликлар ва бошқа ўқув материаллари билан таъминлаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “Ховар” хабар берди.
Раҳмон Турсунзода шаҳридаги 21-сонли умумий ўрта таълим муассасасининг очилиш маросимида бажарилган қурилиш ишлари сифатини юқори баҳолаган ҳамда масъул шахслар ва педагогларни таълим ва тарбия даражаси ва сифатини оширишда янада катта масъулият кўрсатишга чақирган.
Раҳмоннинг Турсунзода шаҳрига амалий ташрифи давомида жами 60 та объект, жумладан, икки сменада 18 200 ўқувчига мўлжалланган 20 та умумтаълим муассасаси, 950 бола учун 5 та хусусий мактабгача таълим муассасаси, 4 та саноат корхонаси, 1 та туризм объекти, 5 та хизмат кўрсатиш объекти, 6 та спорт майдончаси, умумий сиғими 5 300 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган 3 та замонавий совутгич мажмуаси, 9 та кўп қаватли турар жой биноси, маъмурий ва маданий бинолар, Давлат байроғи майдони ва Маданият ва ҳордиқ парки фойдаланишга топширилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Турсунзода шаҳрида 132 та умумтаълим муассасаси фаолият юритмоқда, уларда 78 863 нафардан ортиқ ўқувчи таълим ва тарбия олмоқда.
Қайд этилишича, Тожикистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўриш доирасида Турсунзода шаҳрида 24 та таълим муассасасини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар улардан умумий сиғими 8 185 ўринли 19 та ўқув биноси фойдаланишга топшириб бўлинган.