Путин Россиянинг Арктикадаги савдо йўлини кенгайтирмоқчи

World

−

image

Россия Президенти Владимир Путин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитидаги нутқида Арктика минтақасини ривожлантириш ва унга хорижий сармояларни жалб этиш масаласига тўхталди. Москва Шимолий денгиз йўли орқали йил давомида узлуксиз кема қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, Путин чоршанба куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган APEC саммитида Россия бозори хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар тақдим этаётганини таъкидлаган.

“APEC иқтисодиётларининг ишбилармон доиралари ва инвесторлари Россия бозорида очилаётган имкониятларга муносиб баҳо бериб, улардан унумли фойдаланишига ишончим комил”, деган Россия Президенти.

Россия оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Путин таклиф қилган имтиёзлар пакети фойда, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича енгилликлар, шунингдек, имтиёзли ижара шартларини ўз ичига олади. Унинг APEC саммитидаги чиқиши сентябрь ойида Владивостокда ўтказилган Шарқий иқтисодий форумда билдирган фикрларининг давоми бўлди. Ўшанда ҳам Путин Шимолий денгиз йўлида йил давомида кема қатновини таъминлаш, транспорт, энергетика ва технологик инфратузилмани кенгайтириш бўйича янги чоралар кўрилишини маълум қилган эди.

Россия шимолий портларини Тинч океани минтақаси билан боғловчи Арктика денгиз йўлагини фаол ривожлантирмоқда. Бироқ мазкур йўналишни халқаро савдонинг муҳим қисмига айлантириш режалари геосиёсий ва хавфсизлик муаммолари, шунингдек, Арктика экотизимига етказилиши мумкин бўлган зарар билан боғлиқ хавотирларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Арктика денгиз йўли нима ва Россия унга нега катта умид боғламоқда?

Шимолий денгиз йўли Россиянинг шимолий қирғоқлари бўйлаб ғарбдаги Новая Земля архипелагидан шарқдаги Беринг бўғозигача қарийб 5 600 километр масофага чўзилган. Ҳозирча ушбу йўналишда кемалар асосан ёз ойларида, музлар эриган қисқа муддат давомида ҳаракатлана олади.

Арктика орқали барқарор денгиз йўлининг очилиши жаҳон савдосидаги мавжуд қийинчиликларни енгиллаштириши мумкин. Хусусан, Яқин Шарқдаги инқироз туфайли муҳим денгиз йўлаклари – Қизил денгизга олиб борувчи Боб ал-Мандаб бўғози ва Форс кўрфазидаги Ҳўрмуз бўғозидаги қатнов издан чиққан. Хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар ортиб бораётган шароитда юк ташувчи компаниялар муқобил йўналишларга қизиқиш билдирмоқда.

Август ойида Хитой ҳам Шимолий Муз океани орқали ўтувчи, Россиянинг Шимолий денгиз йўлини қамраб олган “Муз Ипак йўли” деб номланган янги денгиз йўналишини эълон қилган эди. Иқлим ўзгариши натижасида Арктика музликларининг эриши кемалар ҳаракатланиши мумкин бўлган мавсумнинг узайишига олиб келмоқда. Бу эса мазкур йўналишнинг анъанавий денгиз йўлларига муқобил бўлиш имкониятларини оширмоқда.

NASA маълумотларига кўра, Шимолий Муз океанидаги денгиз музлари майдони сентябрь ойида йиллик энг паст кўрсаткичга тушади. Жорий йилда эса муз қоплами сунъий йўлдошлар орқали кузатувлар бошланганидан буёнги энг кичик даражагача қисқарган.

Путин Россия Арктикасини глобал савдо йўлига айлантира оладими?

Бу вазифани амалга ошириш осон бўлмайди. Иқлим ўзгариши Арктикадаги шароитни ўзгартираётганига қарамай, мутахассислар минтақа ҳануз кемалар ҳаракати учун мураккаб ҳудуд бўлиб қолаётганини таъкидламоқда. Нидерландия Денгиз ҳуқуқи институти (NILOS) тадқиқотчиси Андрей Тодоровнинг «Ал-Жазира» нашрига айтишича, қаттиқ иқлим, кўриш масофасининг чеклангани, кема қатнови учун қулай мавсумнинг қисқалиги ва сузиб юрувчи музлар йирик тижорий юк ташишга жиддий тўсиқ бўлиб қолади.

Тодоров фикрича, ушбу йўналишдаги қатнов ҳозирча тор доирада сақланиб, асосан Россиянинг Арктика ҳудудларида қазиб олинган минерал ресурсларни жаҳон бозорига етказиб беришга хизмат қилиши мумкин. Унинг баҳолашича, мазкур йўл орқали анъанавий жанубий йўналишлар билан таққослаб бўлмайдиган даражада кам миқдорда транзит контейнер ташувлари амалга оширилиши эҳтимолдан холи эмас.

Европа давлатларининг Россия энергетика секторига қарши санкциялари ҳам Москва учун нефть ва газни Осиё бозорларига муқобил денгиз йўллари орқали етказиб бериш аҳамиятини оширди. Бу, айниқса, Россия ва Украина кучлари Қора денгиздаги юк кемаларини нишонга олаётган бир шароитда муҳим ҳисобланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends