Президент Ибн Синога бағишланган фильмнинг суратга олиш майдонига борди
Local
−
21:33 767 2 minutes
Бугун, 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Абу Али ибн Синонинг болалигига бағишланган “Ҳусайн” тарихий-бадиий фильмининг суратга олиш майдони билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмаси асосида суратга олинаётган фильм учун “Ўзбекфильм” киностудиясида аллома яшаган давр муҳитини акс эттирувчи декорациялар барпо этилган. Давлат раҳбари тарихий шаҳар деворлари, кўча ва бозор манзаралари, давр либослари ҳамда суратга олишда фойдаланиладиган буюмларни кўздан кечирган.

Киноижодкорлар билан мулоқотда Президент давлат миллий руҳдаги, буюк аждодлар ҳаётига бағишланган фильмлар яратилишига эътиборни янада кучайтиришини таъкидлаган. У ерда барпо этилган декорацияларни юқори баҳолаб, улар тарихий муҳитни экранда ишонарли гавдалантиришга интилишдан далолат эканини қайд этган. Бой тарих ва алломалар меросини кино тили орқали ёш авлодга етказиш, уларда ўз ўтмишига қизиқиш ва ифтихор туйғусини уйғотиш муҳимлигини таъкидлаган.

Фильмда ёш Ҳусайн ибн Абдуллоҳнинг табобатга муҳаббати, устозларига садоқати ва инсонпарварлиги тасвирланади. Асар орқали болаларга алломанинг илмга интилиши ва шахсий фазилатларини яқиндан танитиш кўзда тутилган.

“Ҳусайн” фильмини яратиш Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси”да белгиланган. Ҳужжатда аллома таваллудининг 1050 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳам назарда тутилган.

Президент фильм ижодкорларига муваффақиятлар тилаган.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда буюк табиб ва қомусий олим Абу Али ибн Синонинг 1050 йиллиги муносабати билан халқаро мукофот таъсис этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All