Перуда қарийб 7 магнитудали зилзила содир бўлди (видео)

World

−

image

Перунинг марказий қисмида 6,8 магнитудали зилзила юз берди. Ер силкиниши пойтахт Лима шаҳрида ҳам сезилиб, аҳоли хавфсизлик мақсадида уйларини тарк этиб, кўчага чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, зилзила кеча, 20 ноябрь куни мамлакатнинг Анд тоғлари ҳудудидаги Хунин минтақасида содир бўлган. Перу Геофизика институти маълумотларига кўра, ер силкинишининг ўчоғи 129 километр чуқурликда жойлашган.

Пойтахт Лимада аҳоли уйларини тарк этган. Телевидение лавҳаларида парламент аъзоларининг ҳам Конгресс биносидан чиқиб кетгани акс этган.

Хунин вилояти маҳаллий кенгаши аъзоси Висенте Киспенинг айтишича, ҳозирча ҳудудда вайронагарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Унинг таъкидлашича, бу минтақада бундай кучли зилзила илк бор сезилган.

Шунингдек, АҚШ Цунами ҳақида огоҳлантириш тизими зилзиладан кейин цунами хавфи мавжуд эмаслигини маълум қилган.

Қайд этилишича, Перу Тинч океанининг “Олов ҳалқаси” деб аталувчи сейсмик фаол ҳудудида жойлашган. Бу минтақада тектоник плиталарнинг ҳаракати сабабли зилзилалар тез-тез содир бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония марказида содир бўлган 5,7 магнитудали зилзила оқибатида камида 22 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends