Озарбайжон – ишончли иттифоқчимиз – Шавкат Мирзиёев 

Local

image

Бугун, 23 август куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳеч муболағасиз тарихий аҳамиятга эга эканини чуқур мамнуният билан таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бугунги саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этган. Ўзбекистон етакчисининг айтишича, мазкур ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодаси.

Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтган.

Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлаган. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этган.

Ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилиб, ҳудудида янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

“Озарбайжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона цивилизацион код – муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Саммитга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани таъкидланган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилган.

Музокаралар давомида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тинглаган.

Булар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалар.

Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олган.

Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилган. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилган. Бугун ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур қабул қилинган.

Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқталари белгиланган.

Мазкур ташрифга тайёргарлик доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳаларининг салмоқли тўплами шакллантирилган.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳаларни илгари суришда бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳудудлар имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича келишувга эришилган. Шу мақсадда жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбайжонда бўлган.

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – транспорт-транзит соҳаси, хусусан, Транскаспий коридорини биргаликда ривожлантириш, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва юк ташувларини рағбатлантириш.

Икки халқ ўртасидаги яқин маданий-гуманитар алоқалар ишончли дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда.

Бугун Низомий Ганжавий номидаги Педагогика университетининг янги биноси очилади, Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади.

Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ҳамда Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади.

Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильм суратга олиниши мамлакатларнинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.

FIFA қарорига кўра, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши белгиланган.

Ушбу йирик спорт тадбири доирасида кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга оширишга келишиб олинган.

Давлат раҳбари сўзининг якунида озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Ушбу тарихий ташриф якунлари ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳалар ва икки қардош мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун янги уфқлар очишига ишонч билдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends