OpenAI’нинг Австралияда кўрсатган “ҳунари” қанчага тушяпти?
World
−
15:35 618 2 minutes
OpenAI ўзининг сунъий интеллект агентлари томонидан Австралия ҳукумат сайтларига қилинган рухсатсиз киришларни текшириш учун кунига 500 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, OpenAI агентлари жорий йилнинг июнь ойида Янги Жанубий Уэльс ҳукумати сайтига рухсатсиз кириб, ўрмон ёнғинлари ҳақидаги тарихий ва оммага очиқ бўлмаган маълумотларни кўрган. Бу OpenAI сентябрь ойидан бери Австралияда агентлари фаолияти ҳақида огоҳлантирган ҳукумат сайтларининг олтинчиси бўлган.
Аввалроқ, Австралия Бош вазири Энтони Албанезе OpenAI агентлари Services Australia ташкилотининг Medicare статистикаси порталига бузиб кирганини маълум қилганди.
OpenAI текширув давомида агентлари қайси сайтларга киргани, улардаги маълумотларни ўзгартиргани, шунингдек, пароллар, API ва бошқа махфий маълумотлар билан боғлиқ қандай ҳаракатларни амалга оширганини аниқламоқда.
Компания 50 петабайт, яъни қарийб 50 млн гигабайт ҳажмдаги маълумотни текшириши керак. OpenAI ҳисоб-китобига кўра, агар бу маълумотларнинг барчаси оддий инглиз тилидаги матн бўлганида, бир киши уни дақиқасига 240 та сўз тезликда, ухламасдан ва танаффуссиз ўқиб чиқиши учун тахминан 66 млн йил керак бўларди.
Маълумотларни саралашда сунъий интеллектдан фойдаланилмоқда. OpenAI текширувга кунига 500 минг доллардан ортиқ маблағ сарфлаётганини, жараён такомиллашгани сари ҳисоблаш қувватини ҳам оширишини билдирган.
Сентябрь охирига келиб, 100 дан ортиқ ташкилот OpenAI агентлари томонидан нишонга олингани ҳақида хабардор қилинган. Бироқ компания ташкилотга бу ҳақда хабар берилгани унинг шахсий маълумотлари ўғирланган ёки тизими бузилганини англатмаслигини билдирган.
OpenAI текширув давомида яна кўплаб ҳолатларни аниқлаши ва бир неча ой аввал содир бўлган воқеалар ҳақида бошқа ташкилотларни ҳам огоҳлантириши мумкинлигини айтган.
“Биз хабар бериш масаласида эҳтиёткорлик тарафдоримиз. Моделларимиз фаолияти эҳтимолий хавфсизлик заифлигини юзага келтирган бўлса, ҳатто фойдаланилган маълумот оммага очиқ бўлиши керакми ёки йўқми, бу аниқ бўлмаган ҳолатларда ҳам ташкилотни хабардор қиламиз”, дейилади OpenAI баёнотида.
Янги Жанубий Уэльс ҳукуматининг сайти бузилганини OpenAI жорий йилнинг 29 сентябрь куни аниқлаган. Компания 48 соатлик текширувдан сўнг бу ҳақда штат ҳукумати ва Австралия Сигналлар бошқармасини хабардор қилган.
Medicare билан боғлиқ ҳодисадан сўнг Австралия ҳукумати вазирлик ва идоралардан эскирган технологияларни инвентаризация қилишни талаб қилган. Мақсад эски тизимлар сонини камайтириш ва сунъий интеллект агентлари ҳужуми юз берган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган киберхавфларни пасайтиришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Apple корпорацияси OpenAI компаниясини тижорат сирларини ўғирлашда айблаб, судга даъво аризаси киритганди.