Олтинга бурканган Ҳумо арена. Тошкентда “Jawelry Fair 2026” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Business
−
16:35 947 2 minutes
Одатда спорт ўйинлари ва шоуларга мезбонлик қиладиган, гербимизда тасвирланган қуш номи билан аталувчи аренанинг ичи 27–28 октябрь кунлари олтин ва бриллиантларга тўлди. Сабаби, икки кун давомида бўлиб ўтадиган “Jewelry Fair 2026” халқаро заргарлик кўргазмаси айнан Humo Arena’да ўтказилмоқда.
Экспо-зонадаги 60 дан ортиқ стендда маҳаллий ва хорижий брендларнинг эксклюзив ҳамда муаллифлик коллекциялари намойиш этилмоқда.
Улар орасида машҳур Италиянинг махсус компьютер технологиялари ёрдамида ишлаб чиқариладиган тилла буюмларидан сифати ва жозибадорлиги жиҳатидан қолишмайдиган, ўзимизнинг ҳунармандлар қўл меҳнати билан ясаган тилла буюмлар ҳам бор.
Тахминан 55 минг АҚШ доллари турадиган сумка ёнидан кўргазмага келган аёллар кетолмай қолган бўлса-да, бу ердаги энг қиммат маҳсулот у эмас. Сабаби, Президент қарори билан чет элдан қимматбаҳо тошларни олиб киришда божхона тўловлари 0 фоиз этиб белгиланганидан сўнг, Ўзбекистонда очилган бриллиант тақинчоқлар сотувчи дўкон стендида қарийб бир ярим миллиард сўмлик тақинчоқлар ҳам бор.
Ўзбекистонда заргарлик буюмларини тайёрлаш ва сотиш имкониятлари тобора ортиб бораётган бир вақтда, ушбу соҳанинг маданиятини янада чуқур ўзлаштирган тадбиркор ва мутахассисларни етиштириб чиқариш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ҳиндистон билан ҳамкорликда махсус академия ҳам ташкил этилди.
“Халқаро Геммология институти 2015 йилда Ҳиндистонда ташкил этилган. Бугунги кунда институтнинг кўплаб филиаллари фаолият юритмоқда. Уч кун аввал унинг саккизинчи филиали Тошкентда очилди.
Биз Тошкентни қимматбаҳо тошлар ва заргарлик саноатини ривожлантириш учун катта истиқболга эга шаҳар деб биламиз. Институтимизда геммология, жумладан, олмосларни саралаш, рангли ва қимматбаҳо тошларни аниқлаш бўйича курслар ўқитилади. Шунингдек, заргарлик буюмларининг дизайни, жумладан, эскиз чизиш, қўлда дизайн яратиш ва компьютер дастурлари ёрдамида лойиҳалаш кўникмалари ҳам ўргатилади.
Билишимизча, бу курслар заргарлик саноатига қизиқадиган инсонлар учун жуда муҳим. Агар сиз геммология соҳасида ўз келажагингизни қуришни истасангиз, институтимизда сизни кутиб қоламиз. Бу ерда билим олиш учун қулай шароит ва ишончли маълумотларга эга бўласиз. Шунингдек, олмос ва бошқа қимматбаҳо тошларни сотиб олиш ҳамда сотишда ўзингизга бўлган ишончингизни ошириш имкониятига эга бўласиз”, дейди геммология фани бўйича бош мутахассис Гаит Обейд (Ghaith Obeid).
Қисқача айтганда, икки кунлик заргарлик кўргазмасидан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда заргарлик соҳаси тобора ривожланиб бораётганини кўрсатиш ва тадбиркорлар учун ўзаро мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Live
All27 October