“Олмаота – Тошкент” йўналишидаги поездда “Аёллар вагони” йўлга қўйилади

World

image

2026 йил 1 октябрдан “Олмаота – Тошкент” йўналишида қатнайдиган халқаро поезд таркибида аёллар учун махсус вагон жорий этилади. Бу ҳақда “24kz” хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистоннинг “Йўловчи ташиш” компанияси халқаро йўналишида бундай хизмат биринчи марта йўлга қўйилиши ҳисобланади. Янги вагон ишга туширилиши билан жами ҳисобда мамлакатда “Аёллар вагони” хизмати мавжуд бўлган йўналишлар сони 14 тага етади. 

Билдирилишича, мазкур йўналишдаги поезд ҳар куни қатнайди.

“Йўловчи ташиш” АЖ бошқаруви раиси Анвар Ахмаджоновнинг айтишича, қарор йўналишдаги талаб ва йўловчилар оқими ортиши сабаб қабул қилинган. Унинг маълум қилишича, хизмат йўлга қўйилганидан бери ундан 946 мингдан ортиқ аёл фойдаланган.

Манбага кўра, аёллар вагонига чипталар фақат аёлларга сотилади, вагонда эса фақат аёл вагон кузатувчилар хизмат кўрсатади. Катта ёшли аёл йўловчилар билан бирга 7 ёшгача бўлган ўғил болалар ҳам вагонда ҳаракатланиши мумкин.

Маълум қилинишича, чипталарни темир йўл кассалари ёки ташувчининг расмий сайти орқали харид қилиш мумкин. Билет олишда “ЖН” белгисига эътибор бериш керак – у аёллар вагонидаги жойни англатади. Чипталар поезд жўнашига 45 кун қолганда сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда поездларга “талаб юқорилиги” сабаб ортиқча одам олинаётгани хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends