Олимлар Ойдан қадимги цивилизация изларини қидирмоқчи

Interesting

image

Тадқиқотчилар Ой тупроғидан миллиардлаб йиллар аввал мавжуд бўлган ўзга сайёраликларнинг технологик цивилизациялари изларини қидиришни таклиф қилди. Бу ҳақда SETI институти хабар берди.

Олимларнинг фикрича, технологик цивилизациялар томонидан яратилган микроскопик ва узоқ вақт сақланиб қоладиган заррачалар юлдузлараро фазо орқали тарқалиб, Ой юзасидаги реголитга (чанг-тош аралашмаси) тушган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар Ойни бундай изларни қидириш учун Ерга қараганда қулайроқ жой деб ҳисоблайди. Чунки Ойда атмосфера, оқиб турган сув ва фаол геологик жараёнлар мавжуд эмас. Шу сабабли унинг юзаси миллиардлаб йиллар давомида космосдан келган моддаларни нисбатан ўзгармаган ҳолда сақлаб келган.

Тадқиқотда бундай заррачаларни аниқлаш учун замонавий микроскопия, томография, спектроскопия ҳамда сунъий интеллект ёрдамидаги тасвир таҳлилидан фойдаланиш мумкинлиги кўрсатилган. Олимлар тахминан 1 куб метр Ой реголитини батафсил текшириш орқали галактикада илгари мавжуд бўлган технологик цивилизациялар ҳақидаги муайян илмий хулосаларга келиш мумкинлигини ҳисоблаган.

Тадқиқотчилар ҳозирча Ойдан ўзга сайёралик технологияларга оид бирор далил топилганини даъво қилмаяпти. Уларнинг таъкидлашича, янги иш бундай изларни излашни амалий жиҳатдан текшириш мумкинлигини кўрсатади.

Тадқиқот келажакда NASA’нинг Artemis дастури, Хитойнинг Chang’e миссиялари ва бошқа Ой экспедициялари орқали Ерга олиб келинадиган намуналарни ўрганиш орқали синовдан ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ернинг айланиш тезлиги ўзгариб бораётгани сабабли жаҳон вақти Ернинг айланишига боғлиқ бўлмаган тизимга ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends