Мексикада самолёт автомобиль йўлига қулаб тушди
World
−
09:17 845 2 minutes
Мексиканинг Нуэво-Леон штатида кичик самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида бошқарувни йўқотиб, аэропорт ҳудудидан чиқиб кетди ва автомобиль йўлига қулади. Бу ҳақда ABC Noticias хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 18 ноябрь куни соат 13:50 атрофида Аподака муниципалитетидаги Норте халқаро аэропортида содир бўлган. Piper Malibu PA-46 русумли самолёт ҳавога кўтарилаётган вақтда двигател қуввати пасайган. Оқибатда ҳаво кемаси аэропортнинг ҳимоя тўсиғини ёриб ўтиб, Монтеррей–Нуэво-Ларедо автомобиль йўлига чиқиб кетган.
Самолёт бортида икки нафар учувчи – 41 ёшли Давид Короно Кабреро ва 25 ёшли - Алан Адриан Куэвас Лоо, шунингдек, тўрт нафар йўловчи бўлган. Уларнинг барчаси енгил тан жароҳатлари олган. Жабрланганларни воқеа жойида тиббий кўрикдан ўтказишган, уларни шифохонага олиб боришга эҳтиёж бўлмаган.
Қайд этилишича, тўқнашув оқибатида ёнғин келиб чиққан, бироқ қутқарувчилар уни бартараф этган. Ҳодиса сабаб автомобиль йўлининг ҳар икки йўналишидаги ҳаракат вақтинча тўлиқ тўхтатилган. Бу эса йўлда узун тирбандлик юзага келишига сабаб бўлган.
Мексика Федерал фуқаро авиацияси агентлиги ҳодиса юзасидан маъмурий текширув бошлаган. Шунингдек, самолёт қулаб тушган аэропортнинг 11/29 учиш-қўниш йўлаги вақтинча ёпилган.
Фавқулодда хизматлар самолётни йўл ҳудудидан олиб чиқиб кетганидан сўнг, соат 18:00 дан кейин автомобиль йўлидаги ҳаракат тўлиқ тикланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Аризона штатида, “Катта Каньон” миллий боғининг шимолий чеккаси яқинида бир двигателли самолёт ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида бортдаги уч кишининг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All