Марсда “сирли медуза” камерага тушиб қолди

Interesting

image

NASA’нинг “Curiosity” марсоходи Марснинг суратларидан бирида шакли осилиб турган оёқчалари бор медузани эслатувчи ғайриоддий тўқ рангли объектни қайд этди. Бироқ ушбу воқеадан бир неча сония олдин айнан шу ҳудудда олинган фотосуратлар сайёра юзасида бундай объект бўлмаганини кўрсатади. Бу ҳақда “Science Alert” нашри хабар берди.

Сурат “Curiosity” томонидан 2023 йил 23 август куни соат 22:27:46 да олинган. Марс ландшафти тасвирланган фотосуратнинг чап томонида медузага ўхшаш тўқ рангли шарпа кўринади. Шу билан бирга, марсоход ғайриоддий шарпа пайдо бўлишидан 13 ва 25 сония олдин худди шу асбоб билан айни бир ҳудудни суратга олган. Олдинги иккала кадрда ҳам бу нарса йўқ.

Ғалати шарпа пайдо бўлишининг эҳтимолий сабабларидан бири – космик нурлар таъсиридир. Гап “Curiosity” навигация камерасининг кремний детекторига келиб урилган ва тасвирда из қолдирган юқори энергияли зарядланган заррача ҳақида кетмоқда.

Марс космик нурланишдан Ерга қараганда анча ёмон ҳимояланган. Сайёрада глобал магнит майдони йўқ, унинг атмосфера массаси эса Ерникининг бор-йўғи 0,5 фоизини ташкил қилади. Айнан шу сабабли “Curiosity” суратларида космик нурлар билан боғлиқ нуқсонлар илгари ҳам бир неча бор қайд этилган.

Фотосуратларда улар ёрқин нуқталар, доғлар ёки чизиқлар кўринишида намоён бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бундай изларнинг ранги турлича бўлади. Масалан, 2023 йилда “Curiosity” ҳақида тайёрланган видеода NASA кадрдаги кичик қора артефактни айнан камера датчигига космик нур тегиши билан тушунтирган.

Шунингдек, 2014 йилдаёқ NASA’нинг Реактив ҳаракат лабораторияси тасвирларни қайта ишлаш бўйича мутахассиси ва тизим муҳандиси Жастин Маки Curiosity томонидан олинган минглаб фотосуратлар орасида бундай ёрқин доғлари бор кадрлар деярли ҳар ҳафта пайдо бўлишини айтиб ўтган.

Бироқ сирли “медуза”нинг пайдо бўлишига айнан нима сабаб бўлганини “Curiosity” жамоасининг хулосаларисиз узил-кесил аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқ. Бунга камера ишидаги ёки суратни қайта ишлашдаги бошқа хусусиятлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, шарпанинг фақат битта кадрда кўриниши муҳим аҳамиятга эга. Бу унинг пайдо бўлиши Марс юзасидаги реал объект билан эмас, балки айнан камера билан боғлиқлигини деярли аниқ кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Spirit” марсоходи томонидан 2007 йилда олинган Марс юзасининг сурати интернетда вирусли тарзда оммалашганди. Унда фойдаланувчилар одамга ўхшаш сирли фигурани пайқаб қолган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends