Мамлакат ҳаётидаги энг муҳим воқеа – Тўқаев Қурултойга сайловлар ҳақида

World

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонда кенг кўламли модернизация амалга оширилаётганини айтиб, бўлажак Қурултой сайловларини мамлакат учун энг муҳим воқеалардан бири деб атади. Бу ҳақду у бугун, 12 август куни жамоат арбоблари билан учрашув чоғида сўз очди.

Тўқаев Қозоғистондаги ўзгаришлар давлат ҳаётининг барча соҳаларига дахлдор эканини қайд этган. У, шунингдек, қабул қилинган сиёсий қарорлар ва бўлажак Қурултой сайловлари ҳақида тўхталиб ўтган. 

“Миллат тақдирини олдиндан белгилаб берадиган ҳақиқатан ҳам тарихий қарорлар қабул қилинди. Биз умуммиллий референдум ўтказдик ва янги Конституцияни қабул қилдик. Фуқароларимиз янги Асосий қонун учун овоз беришди. Қозоқ донишмандлигида: “Бирлик – фаровонлик манбаидир”, дейилади. Халқ бирлиги – давлатимиз ўсиши ва ғалабаларининг мустаҳкам пойдеворидир”, дейди Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, тез орада Қозоғистонда тарихда илк бор Қурултойга сайловлар бўлиб ўтади. У ушбу сайловларни мамлакат ҳаётидаги энг муҳим воқеа деб атаган.

“Ҳозирда сайловолди кампанияси айни авжида. Партиялар юқори сиёсий маданият стандартларини намойиш этмоқда. Биз тақдирга дахлдор воқеалар бўсағасида турибмиз. Олдинда бизни жуда масъулиятли давр кутмоқда. Жамланиб, бор тажрибамиз ва энергиямизни Ватанимиз фаровонлиги йўлида йўналтира олишимизга ишонаман”, дейди Қозоғистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 мартдаги республика референдумида қабул қилинган янги Конституция 1 июлдан кучга кирди. Шу муносабат билан Мажлис ва Сенат ўз фаолиятини тугатди, уларнинг депутатлари ваколатлари эса бекор қилинди.

Энди Қозоғистон парламенти бир палатали бўлади ва Қурултой деб аталади. Унинг таркибига беш йил муддатга сайланадиган 145 нафар депутат киради. Улар, шунингдек, парламент раиси ва унинг уч нафар ўринбосарини сайлайди.  

Бундан ташқари, Тўқаевнинг ваколат муддати янги Конституция кучга кириши муносабати билан ноллаштирилди. Шу тариқа, Тўқаев мамлакат раҳбарлиги учун янги муддатга ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга бўлди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends