Макка пакти аъзолари Теҳронда: “уч куч” Эрон билан нималарни муҳокама қилди?
World
−
26 October 962 5 minutes
Бугун, 26 октябрь куни Эрон пойтахти Теҳронда Макка мудофаа иттифоқи мамлакатлари – Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ҳамда Эрон ўртасида тўрт томонлама учрашув ўтказилди. Улар музокараларни давом эттириш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда тўрт мамлакат томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда сўз боради.
Эрон пойтахти Теҳронда Макка мудофаа иттифоқи мамлакатлари – Туркия, Покистон ва Саудия Арабистонининг юқори даражали вакиллари ҳамда Эрон расмийлари иштирокида тўрт томонлама учрашув бўлиб ўтган.
Учрашув якунида 4 та мамлакат қўшма баёнот эълон қилди. Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши томонидан эълон қилинган баёнотда учрашув Кенгаш бош котиби Муҳсин Ризоий мезбонлигида ўтказилгани қайд этилган. Баёнотда айтилишича, учрашувда Туркиядан Миллий разведка ташкилоти (MİT) раҳбари Иброҳим Қалин, Покистон Бош штаб бошлиғи маршал Осим Мунир ва Саудия Арабистони Мудофаа вазири Ҳолид бин Салмон иштирок этган.
Баёнотда тўрт мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг келажагига оид қабул қилинган қарорга ҳам ўрин берилган.
“Иштирокчилар минтақавий тинчлик ва хавфсизлик соҳаларини ҳам ўз ичига олган ҳолда тўрт минтақа мамлакати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган музокараларни давом эттириш бўйича бир тўхтамга келди”, дейилади баёнотда.
Халқаро инқироз гуруҳининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури директори ўринбосари Али Воизнинг айтишича, Макка пакти вакилларининг Теҳронга уюштирган ташрифи – бу қуроллар яна отила бошлашидан олдин ён беришга тайёр бўлганлар фойдасига мувозанатни буришга бўлган уриниш.
“Аммо улар АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишмовчиликни бартараф эта оладиган ишончли формула билан келмасалар, вақт билан пойгада хайрихоҳликдан бошқа ҳеч нарсасиз қолишлари мумкин”, деейди Али Воиз.
“Al Jazeera”нинг ёзишича, музокараларда Теҳрон билан иттифоқчи бўлган Ямандаги ҳусий исёнчилари томонидан Яманнинг халқаро тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистонига уюштирилган ракета ва дрон ҳужумлари тўлқини муҳокама қилинган бўлиши мумкин.
“Ишончим комилки, Макка келишуви томонларида ҳусийларга қарши ҳарбий алоқага киришиш вариантлари етишмаяпти, аммо Ар-Риёд, шубҳасиз, кўпроқ нарса учун босимни оширмоқда ва унинг шерикларидан кутаётган умидлари Ямандаги ҳужумларга параллель равишда ортди”, дейди Лондон Қироллик коллежи Уруш тадқиқотлари департаментининг катта илмий ходими Ойша Сиддиқ “Al Jazeera” телеканалига.
Сиддиқнинг айтишича, охирги дипломатик ҳаракатлар Покистон армияси раҳбари Осим Мунирнинг ўтган ҳафтада Саудия Арабистони ва Эронга қилган ташрифлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу Исломободнинг АҚШ томонидан Эронга қўйилган блокада фонида Теҳрон билан қуруқликдаги чегара савдосига қўйган чекловларига тўғри келмоқда.
Саудия ташқи сиёсати ва унинг минтақавий хавфсизликка таъсирини тадқиқ қилувчи Умар Каримнинг айтишича, Теҳрондаги учрашувлар Эрон ва АҚШ ўртасида яна уруш келиб чиқиши хавфини камайтириши даргумон, бу эса ўз навбатида минтақада янада каттароқ беқарорликка олиб келиши мумкин.
“Шу сабабли, ушбу музокаралар, эҳтимол, Саудия Арабистони хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ ва Туркия ҳамда Покистоннинг Эронни ён беришга мажбур қилишга бўлган уринишини ўз ичига олади”, дейди у.
“Chatham House” ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури директори Санам Вакил мазкур муҳим учрашувнинг таъсирига “эҳтиёткорлик билан оптимистик” қарашини, аммо узоқ муддатли туб бурилишга “камроқ ижобий” баҳо беришини айтган.
“Эрон яна бир йирик тўқнашувдан қочиш учун кучли рағбатга эга ва айниқса Яман бўйича чекланган англашувлар учун жой бўлиши мумкин. Бироқ ҳусийларнинг ўз ҳисоб-китоблари бор ва Эроннинг уларга таъсири чексиз эмас. АҚШ ва Исроил томонидан қайта зарба берилишининг олдини олиш янада қийинроқ бўлади, чунки Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги асосий келишмовчиликлар ҳал қилинмай қолмоқда”, дейди у.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон билан ҳар қандай тинчлик келишувига рози бўлишдан бош тортган Эрон билан дипломатик боши берк кўчани ёриб ўтиш учун янги зарбалар беришни кўриб чиқаётгани айтилмоқда.
АҚШ ва минтақавий давлатлар Ҳормуз бўғизи орқали халқаро кемалар қатнови ва транзит ҳеч қандай тўсиқлар ва ҳужумларсиз қайта тикланишини хоҳлайди. Вашингтон, шунингдек, Теҳроннинг ядровий дастурини жиловлашни ва Эроннинг юқори даражада бойитилган уранини баҳолаш учун халқаро инспекторларни жалб қилишни истайди. Исроил эса Ислом Республикасини ағдариб ташлашни хоҳлашини айтмоқда.
Теҳрон АҚШнинг Эрон жанубий портларига қўйган денгиз блокадасини бекор қилишини (бу хом нефть экспортини тўхтатиб қўйган ва аксарият савдога халақит берган) ва икки мамлакат ўртасида июнь ойида келишиб олинган ўзаро англашув меморандумига қайтишини истайди.
АҚШ буни рад этди, Президент Трамп эса Эроннинг фуқаролик инфратузилмасига йирик зарбалар бериш орқали “ишни охирига етказиш” танлови қаршисида қолганини айтди. Бу эса Эронни, урушнинг аввалида бўлганидек, Араб давлатларидаги АҚШ базалари ва инфратузилмасига зарба бериш орқали қўшниларига қарши жавоб қайтаришга ундаши мумкин.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти 21 октябрь куни ҳусийлар таҳдидини ҳисобга олган ҳолда, фавқулодда бўлмаган АҚШ ҳукумат ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига ўз хавфсизлиги учун Саудия Арабистонини тарк этиш ҳақида фармойиш берди.
Эронда Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия иштирокидаги музокаралар давом этар экан, таҳлилчиларнинг айтишича, “Макка қўшма мудофаа келишуви”нинг ушбу аъзолари, агар яна уруш бошланиб кетса, Саудия Арабистонига етказиладиган таъсирни максимал даражада камайтиришга ҳаракат қилади.
“Бироқ Эроннинг стратегик ҳисоб-китобларида кам нарса ўзгаргани ва иштирок этаётган томонларда Эроннинг стратегик фикрлашига таъсир қилиш учун зарур бўлган ричаглар (таъсир воситалари) бўлмагани сабабли, бу музокаралар жуда кам натижа беради”, дейди Карим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида жорий йилнинг 7 август куни имзоланган “Макка қўшма мудофаа тўғрисида”ги келишувни тасдиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси Туркия Буюк Миллат Мажлисига киритилганди. 16 та моддадан иборат келишувга кўра, томонлардан бирига ташқаридан қилинган қуролли ҳужум барча томонларга қилинган ҳужум деб ҳисобланади ва ҳужумга учраган мамлакатга, жумладан, ҳарбий имкониятлар орқали ҳам ёрдам кўрсатилади. Янги мамлакатлар келишувга фақат уч мамлакатнинг бир овоздан розилиги (якдил қарори) билангина қўшилишлари мумкин.
Live
All26 October
26 October