Маҳкумлар билан учрашув ва видеомулоқот тарифлари ўзгариши мумкин
Local
−
06 November 896 2 minutes
Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар, масофавий видеомулоқот ва телефон орқали суҳбатлашиш учун янги тарифлар жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Жазони ижро этиш муассасаларида узоқ муддатли учрашув хоналарини тақдим этиш, масофали видео-учрашув ва телефон сўзлашуви учун тўлов тарифлари ва тўловларни амалга ошириш ҳамда тушган маблағларни ҳисобга олиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори лойиҳасида келтирилган.
Унга кўра, узоқ муддатли учрашув хоналаридан фойдаланганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) нисбатан белгиланади. Жумладан, бир сутка учун икки кишилик хона БҲМнинг 20 фоизи (88 минг сўм), уч кишилик хона 25 фоизи (110 минг сўм), тўрт кишилик хона эса 30 фоизи (132 минг сўм) миқдорида баҳоланади. Тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилади ва муассаса ходимлари томонидан нақд пул қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга, “Қалъа” марказлашган ахборот тизими орқали амалга ошириладиган масофавий видеомулоқот ва телефон суҳбатларининг ҳар бир дақиқаси учун ҳам алоҳида тўлов жорий этилади. Унга кўра, видео-учрашувнинг бир дақиқаси учун БҲМнинг 0,5 фоизи (2 200 сўм), телефон суҳбати учун эса 0,1 фоизи (440 сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Бу маблағлар-тўғридан-тўғри маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан автоматик тарзда ечиб олинади.
Бундан ташқари, узоқ муддатли учрашув хоналаридан фойдаланишда айрим тоифадаги шахслар учун имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, маҳкумлар, 16 ёшгача бўлган болалар (бошқа катталарсиз келганда), I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оила аъзоларидан тўлов ундирилмайди. Бироқ ушбу имтиёзлар видео ва телефон мулоқотлари учун амал қилмайди.
Муҳокама бугун, 6 ноябрдан бошлаб жорий йилнинг 16 ноябрига қадар давом этади.