Лондонда Стармер партияси ва Исроилга қарши намойишлар авж олди (видео)

World

image

Лондон марказида ўн минглаб одамлар икки алоҳида намойиш – Nakba Day’дан бир кун ўтиб ўтказилаётган Фаластин тарафдорлари марши ва Томми Робинсон бошчилигидаги ўнгчилар митингида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар қилди.

Буюк Британия пойтахти полицияси бугун, 16 май куни 4 минг нафар полиция ходимини, жумладан, шаҳар ташқарисидан келтирилган кучларни ҳам жалб қилган ва буни “сўнгги йиллардаги энг йирик жамоат тартиби операцияси” деб атаган. Лондон полицияси маълумотига кўра, намойишларни назорат қилиш учун бронетехника, отлар, хизмат итлари, дронлар ва вертолётлар ҳам сафарбар этилган.

Ҳар икки намойиш марши бошланганидан кўп ўтмай полиция турли ҳуқуқбузарликлар бўйича 11 кишини ҳибсга олганини билдирган. Аввалроқ полиция камида 80 минг киши қатнашишини тахмин қилган. Робинсоннинг “Unite the Kingdom” маршига 50 минг, Nakba Day намойишига эса 30 минг киши бориши кутилган.

Ҳокимият икки намойиш қатнашчиларини бир-биридан узоқроқ сақлаш мақсадида маршрут ва вақт бўйича турли чекловлар жорий қилган. Прокурорларга айрим плакатлар ёки шиорлар жиноят сифатида баҳоланиши ва тажовузкорликни кучайтириши мумкинлигини ҳисобга олиш топширилган.

Полиция операция учун 4,5 миллион фунт стерлинг (6 миллион доллар) сарфланишини тахмин қилмоқда ва “ноль тоқат” сиёсати қўлланилишини билдирган.

“Кўчаларимизда тартибсизлик чиқариш, кимнидир қўрқитиш ёки таҳдид қилишни мақсад қилган ҳар қандай шахс қонуннинг бутун кучи билан тўқнаш келади”, деган эди Бош вазир Кир Стармер намойишлар арафасида.

Маълумот учун, Nakba Day – фаластинликлар томонидан ҳар йили нишонланадиган хотира куни бўлиб, 1948 йилда Исроил давлати тузилган пайтда юз берган оммавий кўчириш ва қочқинликни эслаш учун ўтказилади. “Накба” арабча “фожиа” деган маънони англатади. Stand Up to Racism гуруҳи ўзининг антифашистик марши билан Фаластин тарафдорлари тадбирини бирлаштирганди

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси мамлакатдаги сўнгги маҳаллий сайловларда мағлубиятга учрагач, партия ичида Бош вазирни истеъфога чиқариш талаблари кучайган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends