Лондон клуби футболчиси Угандада қирол бўлиши мумкин

Sport

image

Лондоннинг “Се Донс” клуби дарвозабони ва жамоа сардори Жорж Десмонд Камураси Уганданинг ғарбидаги Торо анъанавий қироллигининг янги қироли бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.

36 ёшли Камураси Торо қироллигининг марҳум ҳукмдори Оё Ньимба Кабамба Игура Рукиди IVнинг вориси сифатида танланган. 21 кишидан иборат ворислик қўмитасининг 18 нафар аъзоси иштирок этган йиғилишда 15 киши Камураси номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ унинг ворислиги ҳали Торо қироллигининг Бабиито сулоласи томонидан расман эълон қилинмаган.

Камураси марҳум қиролнинг амакиваччаси бўлиб, шаҳзода Жорж Десмонд “Жимми” Мугеньининг ўғли ҳисобланади. У Буюк Британияда улғайган ва ҳозир Англия футболининг тўққизинчи дивизионида иштирок этувчи “Се Донс” сафида дарвозабонлик қилмоқда.

Шу билан бирга, Торо қироллигида ворислик масаласи ҳануз баҳсли. Бабиито сулоласи вакиллари қирол сайланмаслиги, балки анъанавий тартиб асосида тахтга ўтиришини таъкидламоқда. Қироллик вакилларига кўра, янги ҳукмдор марҳум қирол Оёнинг жорий йилнинг 12 сентябрга белгиланган дафн маросими билан боғлиқ анъанавий тадбирлар давомида расман эълон қилиниши мумкин.

Маълумот учун, Торо қироллиги – Африканинг шарқида, ҳозирги Уганда ҳудудининг ғарбий қисмида жойлашган анъанавий қироллик бўлиб, унинг маркази Форт-Портал шаҳри ҳисобланади. Ушбу қиролликка 1830 йилда Буньоро-Китара қироллигидан ажралиб чиққан шаҳзода Кабийо Кабигени томонидан асос солинган. Қиролликнинг асосий аҳолисини руторо тилида сўзлашувчи баторо халқи ташкил этади, унинг олий ҳукмдори эса анъанага кўра Омукама деб аталади. XIX аср охирида Британия протекторати таркибига киритилган Торо ўз мухториятини сақлаб қолган бўлса-да, 1967 йилда Уганда президенти Милтон Оботе томонидан мамлакатдаги бошқа анъанавий монархиялар сингари бекор қилинган. 1993 йилда Уганда ҳукумати томонидан қироллик мақоми қайта тикланган ва бугунги кунда у сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаса-да, ўз халқининг тарихий, маданий ва маънавий меросини сақлаб келувчи рамзий муассаса сифатида фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Торо қироллиги ҳукмдори Ойо Нимба Кабамба Игуро Рукиди IV 34 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends