Латвия ИИВ ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатишни таклиф қилди
Local
−
09:55 1521 2 minutes
Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф этди. Бу ҳақда жорий йилнинг 29 сентябр куни ҳукумат йиғилишида сўз очилган.
Идора ушбу ташаббусни Ўзбекистон фуқаролари Латвияга борганидан сўнг содир этгани айтилаётган бир нечта жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноий ҳаракатлар билан боғлаган.
“Биз чора кўришга мажбурмиз. Шу сабабли Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатишни ва бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланишни таклиф қиламиз”, дейди Латвия Ички ишлар вазири Янис Домбрава.
ИИВ режасига кўра, эҳтимолий чеклов давридан Ўзбекистон томони билан маълумот алмашишни йўлга қўйиш ва Латвияга ташриф буюриш ниятида бўлган фуқароларни текширишни кучайтириш учун фойдаланиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўхтатиш ҳақидаги таклиф ҳозирча Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига олиб чиқилгани йўқ. Хабарда айтилишича, коалицион ҳамкорлар ушбу масалани ҳукумат мажлиси кун тартибига киритишни қўллаб-қувватламаган.
ИИВ ушбу ташаббусни Вазирлар Маҳкамасининг кейинги мажлисларидан бирида муҳокама қилишга умид қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, ушбу таклиф Латвия ҳукуматининг миграция назоратини кучайтириш бўйича кенгроқ сиёсати фонида кўриб чиқилмоқда. Сентябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси ИИВнинг 70 дан ортиқ чора-тадбирларни, жумладан, учинчи давлатлар фуқаролари учун квоталар ҳамда меҳнат ва ўқиш миграцияси устидан назоратни кучайтиришни кўзда тутувчи режасини маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва Миграция департаменти раҳбари Индре Гаспере сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларидан Литвага бораётган меҳнаткашлар сони ортгани сабабли айни пайтда уларнинг ишлаш бўйича аризалари қабул қилинмаётганини маълум қилганди.