Хитойнинг Boeing ва Airbus’га рақобатчи лайнери халқаро рейсга чиқди

World

image

COMAC корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган Хитойнинг тор фюзеляжли C919 йўловчи самолёти илк бор мунтазам халқаро тижорат рейсини амалга оширди. Air China авиакомпаниясининг лайнери Пекиндан Монголия пойтахти Улан-Баторга парвоз қилди. Тайинланган аэропортда ҳаво кемаси анъанавий сув аркаси билан кутиб олинди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Қайд этилишича, эндиликда самолёт Пекин – Улан-Батор йўналиши бўйича ҳар куни қатнайди. Лайнернинг Хитой ички йўналишларидаги тижорий эксплуатацияси 2023 йилнинг май ойида бошланган эди. Ушбу давр мобайнида Air China, China Eastern Airlines ва China Southern Airlines авиакомпаниялари ушбу моделдаги 41 та самолётдан иборат флотни шакллантирган. Улар 26 та шаҳар ўртасидаги 58 та йўналиш бўйича 7,5 миллиондан ортиқ йўловчини ташиган.

Маълумотларга кўра, C919 лайнерларининг умумий хавфсиз парвоз вақти 130 минг соатдан ошган. Шу билан бирга, COMAC корпорацияси серияли йиғишни оширишда давом этмоқда: агар 2025 йилда буюртмачиларга 15 та самолёт топширилган бўлса, 2026 йилда ишлаб чиқарувчи бу кўрсаткични 75 тага етказишни режалаштирмоқда. 

Мунтазам хорижий рейснинг йўлга қўйилиши Пекиннинг Boeing 737 ва Airbus A320 лайнерларига миллий муқобил яратиш стратегиясининг асосий босқичи бўлган. Шу билан бирга, самолёт ҳозирча Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) томонидан сертификатлаштириш жараёнидан ўтмоқда, бу эса унинг Ғарб бозорларига тўғридан тўғри етказиб берилишини вақтинча чеклайди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Emirates” ва “Qantas” авиакомпанияларига тегишли 16 та “Airbus A380” самолётининг қанот конструкциясида ёриқлар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends