Хитойда СИ ёрдамида ишлаб чиқилган илк дори бозорга чиқарилади
World
−
19:08 604 2 minutes
Хитойда сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилган илк инновацион дори бозорга чиқаришга шартли равишда тасдиқланди. Бу ҳақда “Global Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Mprosevir номини олган препарат университети, Уэстлейк лабораторияси ва Westlake Pharmaceuticals компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Дори Хитой Миллий тиббий маҳсулотлар бошқармаси (NMPA) томонидан бозорга чиқариш учун шартли равишда маъқулланган.
Mprosevir Хитойда “1-синф” инновацион дори сифатида таснифланган. Мазкур тоифага Хитойда ёки бошқа давлатларда аввал бозорга чиқарилмаган, янги кимёвий тузилма ва таъсир механизмига эга, шунингдек, клиник қиймати аниқ бўлган препаратлар киради.
Препаратнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ДНК-кодланган кутубхона (DEL) технологияси асосида муваффақиятли ишлаб чиқилиб, дунёда тасдиқланган илк кичик молекулали инновацион дори сифатида эътироф этилмоқда. Бу технология концепцияси илк бор илгари сурилганидан 34 йил ўтиб, мазкур натижага эришилган.
Олимлар дори номзодларини излаш жараёнининг дастлабки босқичидаёқ сунъий интеллект ва DEL технологиясини бирлаштирган икки босқичли саралаш усулидан фойдаланган.
Mprosevirни излаш учун фойдаланилган DEL кутубхонасида 49 миллиардгача бирикма бўлган. Дастлабки саралаш натижасида 100 дан ортиқ истиқболли номзод аниқланган.
Анъанавий усулда ушбу молекулаларнинг ҳар бирини алоҳида текшириш катта вақт ва ресурс талаб қилган бўларди. Бироқ сунъий интеллект модели уларнинг сонини бир неча кун ичида 9 тагача қисқартирган.
Кейинги фаоллик синовларида ушбу 9 молекуланинг 6 таси юқори самарадорлик кўрсатган. Шундан сўнг, токсик, метаболизм ва дори воситасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ бошқа кўплаб баҳолашлар ўтказилиб, WLU6937 молекуласи асосий номзод сифатида танланган.
Кейинги икки йил давомида олимлар ушбу молекула асосида препаратни такомиллаштириш устида ишлаган. Жумладан, унинг таъсирини кучайтириш, дори сифатидаги хусусиятларини яхшилаш ва токсиклигини камайтиришга эътибор қаратилган.
Препарат аввал лаборатория шароитидаги ҳужайра тажрибалари ва сичқонлар устидаги тадқиқотлардан ўтказилиб, кейинчалик клиник синовларгача олиб борилган. Ушбу босқичларнинг турли жараёнларида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланилган.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, Mprosevir лойиҳаси сунъий интеллект ёрдамида дори воситаларини ишлаб чиқиш нафақат мумкин, балки самарали ва амалий жиҳатдан амалга оширилиши мумкинлигини кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда дунёда илк бор мия жарроҳлиги операцияси сунъий интеллектнинг реал вақтдаги ёрдамида амалга оширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All