Дунёда илк бор миядаги ўсимта СИ ёрдамида олиб ташланди
Олам
−
19:05 172 2 дақиқа
Буюк Британияда дунёда илк бор мия жарроҳлиги операцияси сунъий интеллектнинг реал вақтдаги ёрдамида амалга оширилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, 48 ёшли, Бедфордширда яшовчи икки фарзанднинг отаси Рис Хибберт Лондон университет коллежи шифохонасида операция қилинган. Шифокорларнинг таъкидлашича, операция амалга оширилмаганида ўсма унинг кўриш қобилиятини йўқотишига олиб келиши мумкин бўлган.
Хиббертда гипофиз безида 11 миллиметрлик, саратон бўлмаган ўсма аниқланган. Мия асосида жойлашган ушбу без организмда ўсиш, модда алмашинуви, қон босими ва ҳароратни тартибга солишда муҳим бўлган гормонларни ишлаб чиқаради.
Муаммо шундаки, ўсма мияни қон билан таъминловчи каротид артериялар ҳамда кўриш учун масъул бўлган кўрув асабларига жуда яқин жойлашган. Вақт ўтиши билан ўсма кўрув асабларига босим ўтказиб, беморнинг ён томонни кўриш қобилиятини пасайтирган.
Операция вақтида жарроҳлар эндоскоп, яъни ингичка камера ўрнатилган қурилма ёрдамида бурун орқали мия асосига етиб борган. Бироқ ўсма суяк ва қаттиқ парда қатламлари ортида жойлашгани сабабли уни хавфсиз олиб ташлаш осон бўлмаган.
Шу жараёнда сунъий интеллект ишга туширилган. СИ операциянинг жонли видеотасвирини таҳлил қилиб, жарроҳлик асбобларини кузатган ва қон томирлари ҳамда асаблар эҳтимолий жойлашган ҳудудларни белгилаб борган. Шу тариқа, ўсмани қайси жойдан хавфсизроқ олиб ташлаш мумкинлигини кўрсатган.
Тадқиқотчилар СИ тизимини гипофиз ўсмаларини олиб ташлаш бўйича юзлаб операцияларнинг видеолари асосида ўқитган. Мутахассислар видеоларда қон томирлари ва асабларни алоҳида белгилаб, тизимга миядаги энг муҳим тузилмаларни танишни ўргатган.
Жарроҳлардан бири профессор Ҳани Маркуснинг айтишича, тизим аксарият жарроҳлар ўз фаолияти давомида кўрадиганидан кўпроқ операциялар маълумоти асосида ўқитилган ва мутахассис учун “иккинчи эксперт кўзи” вазифасини бажариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллект ва роботлар одамлар ўрнини эгаллаши ортидан ушбу технологияларга янги турдаги солиқ жорий этишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси