Хитой Шимолий Корея ядровий синовларини ўрганган америкалик сейсмологни жосусликда айблади
World
−
14 July 3790 3 minutes
Хитойда туғилган, кейинчалик АҚШ фуқаролигини олган сейсмолог Юлин Чен қарийб икки йилдан бери Хитойда қамоқда сақланмоқда ва жосуслик айблови билан суд қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда унинг рафиқаси, АҚШ қонун чиқарувчилари ва гаровга олинганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи икки ташкилот маълум қилди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 март куни 54 ёшли Ченни “ноҳақ ҳибсга олинган” шахс сифатида расман тан олган. Унинг рафиқаси Юфан Руннинг айтишича, Трамп маъмурияти дипломатик музокараларга халақит бермаслик мақсадида бу ҳақда оммавий баёнот беришдан тийилган.
Ишдан хабардор АҚШ манбаси маъмурият Ченни “асоссиз ҳибсдан озод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга эътибор қаратганини” билдирган. 2011 йилда АҚШ фуқаролигини олган ва Бостонда яшайдиган Чен ҳозирда Хитойда ноҳақ ҳибсга олинган деб тан олинган ягона америкалик ҳисобланади.
Руннинг айтишича, Оқ уй ва Давлат департаменти унга Трамп май ойида Пекинга давлат ташрифи чоғида Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан турмуш ўртоғининг ҳибси масаласини муҳокама қилганини, Си эса бу ишни кўриб чиқишга ваъда берганини маълум қилган. Бироқ ҳозирча Хитой томонидан ҳеч қандай амалий чора кўрилмаган.
Рун Хитой ҳукумати суд бошланмасидан олдин ҳам турмуш ўртоғини айбдор деб қарор қилганидан хавотир билдирган. Унинг сўзларига кўра, жосуслик жинояти Хитойда умрбод қамоқ ёки ўта оғир ҳолатларда ўлим жазоси билан жазоланиши мумкин. Унинг фикрича, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтади ва қандай бўлмасин айблов ҳукми чиқарилади.
Гаровдагилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Foley Foundation ташкилоти маълумотига кўра, Чен Хитойда ноҳақ ушлаб турилган камида 12 нафар америкаликдан бири ҳисобланади. Улар орасида мамлакатдан чиқиш тақиқланган шахслар ҳам бор.
Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли Президент Трамп хорижда ушлаб турилган барча америкаликларни уйига қайтаришни мақсад қилганини ва у янги муддати давомида 100 дан ортиқ кишини оиласи билан қайта бирлаштирганини билдирган.
Руннинг айтишича, АҚШ элчихонаси ходимлари Чен билан бир неча бор учрашган, аммо ҳар сафар Хитой расмийлари ҳозир бўлгани учун у эркин мулоқот қила олмаган. Унинг сўзларига кўра, Хитой терговчилари турмуш ўртоғини Шимолий Корея ядровий синовларининг сейсмик хусусиятлари бўйича тадқиқотлари ҳақида 100 мартадан ортиқ сўроқ қилган.
Global Reach ташкилоти вакили, АҚШ миллий хавфсизлик тизимининг собиқ амалдори Эрик Лебсоннинг фикрича, Хитой Ченнинг билимларидан ерости ядровий синовларини яшириш технологиясини такомиллаштириш учун фойдаланмоқчи. Лебсоннинг таъкидлашича, Чен АҚШ ҳукумати пудратчисида ишлайди, аммо ҳеч қачон махфий маълумотларга рухсатномага эга бўлмаган ва махфий лойиҳаларда қатнашмаган.
Унинг Шимолий Корея ядровий портлашларининг сейсмик тўлқинлари ҳақидаги тадқиқотлари АҚШ Давлат департаменти ва Ҳаво кучлари тадқиқот лабораторияси томонидан молиялаштирилган. Илмий ишлар хитойлик олимлар билан ҳамкорликда, очиқ маълумотлар асосида тайёрланган ва интернетда эркин жойлаштирилган.
Чен 2024 йил 5 ноябрь куни Пекин халқаро аэропортида Бостонга қайтиш арафасида давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. У Хитойга қариндошларини кўриш ва икки университетда маъруза ўқиш учун борган эди.
Рафиқасининг сўзларига кўра, ҳибснинг дастлабки ойларида Чен оғир шароитда сақланган. У кун бўйи қаттиқ ўриндиқда ўтиришга мажбур қилинган, туриш, китоб ўқиш ёки машқ қилишга рухсат берилмаган. Шунингдек, диабет ва бошқа касалликлари учун зарур дори воситаларини ҳам ололмаган.
Ҳозирги кунда ҳам унинг аҳволи ҳақида маълумот олиш қийин. Руннинг айтишича, турмуш ўртоғи 13–18 килограммгача вазн йўқотган, етарли озиқ-овқат олмаяпти ва сифати паст дори воситалари билан таъминланмоқда.
Ченга 2025 йил 1 май куни расман жосуслик айблови қўйилган, аммо ҳалигача суд бошланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатларининг Жанубий Калифорния ҳудудидаги Аркадия шаҳри мэри Эйлин Ванг Хитой ҳукумати манфаатлари йўлида ноқонуний агент сифатида ишлаганини тан олган эди.
Live
All